Diniy-ma’rifiy sohadagi islohotlarning yangi bosqichi: huquq va imkoniyatlar
2025-04-25 15:35:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Сўнгги йилларда мамлакатимизда турли диний конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиш ва ўз иқтидорини намойиш этиш ва ўз диний эътиқодига амал қилиш каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳат ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами 2372 та диний ташкилот бўлиб, шундан 2174 таси исломий ва 198 таси ноисломий диний ташкилот ҳисобланади.
Сўнгги саккиз йилда республика бўйича жами 130 та диний ташкилот, шу жумладан 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда 24 та турли конфессияга тааллуқли ноисломий диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Албатта, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асоси сифатида 2025 йил 25 февралдаги Ўзбекистон Республикасининг
1037-сонли Қонуни билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”ни алоҳида эътироф этиш зарур.
Мазкур концепция виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқни ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принципларини ва устувор йўналишларини белгилайди.
Концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлашга қаратилганини таъкидлаш лозим.
Ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.
Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, 2017 йилга қадар 3 та олий (1 та исломий 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кундаги ҳолатга кўра, республика бўйича жами 16 та диний таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан
6 таси олий таълим беришга мўлжалланган.
Мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш борасида куни кеча, муҳтарам Президентимиз томонларидан “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон имзоланди.
Ушбу фармоннинг имзоланиши нафақат диний-маърифий соҳа вакиллари томонидан, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам катта хурсандчилик ва мамнуният билан қабул қилинди.
Фармонга бевосита тўхталадиган бўлсак, унда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидаги долзарб масалалар белгиланди:
- жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш;
- илм-фан ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларнинг инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик каби умуминсоний ва олийжаноб ғояларга асосланган диний-фалсафий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш;
- диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш орқали замон талабларига мос мутахассисларни етиштириш;
- аҳоли орасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат руҳини кучайтириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган долзарб илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;
- диний-маърифий соҳадаги халқаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда самарадорлигини ошириш.
Шунингдек, Фармонда диний-маърифий соҳанинг институционал асосларини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсадида Қўмита ва Рақамли технологиялар вазирлиги “Ҳаж ва Умра ягона портали”ни ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқиши белгиланган.
Фармондаги яна бир катта янгилик – Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказини Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти сифатида қайта ташкил этилгани бўлди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур Институт исломшунослик, диншунослик, давлат ва дин муносабатлари асослари, шунингдек, радикаллашувнинг олдини олиш йўналишларида диний соҳада мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга масъул муассаса ҳисобланади. Шу билан бирга, барча таълим ташкилотларининг исломшунослик ва диншунослик фанлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш Институт томонидан амалга оширилади.
Диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш – бу бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.
Фармон билан Республикада истиқомат қилувчи турли дин вакилларининг Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик ҳиссини ошириш, жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Қўмитанинг Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш фаолиятини такомиллаштирилди.
Хусусан, Кенгаш таркибига сиёсий арбоблар, жамоатчилик фаоллари, диншунос олим ва мутахассисларни кузатувчи сифатида киритиш, Кенгашга диний конфессияларнинг муаммолари бўйича давлат ва нодавлат ташкилотларга сўров, мурожаат ва тавсиялар юбориш ҳуқуқини бериш, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳудудий кенгашлар ташкил этиш ҳамда Кенгаш томонидан турли конфессияларга оид диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари ўртасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш каби вазифалар белгиланди. Шунингдек, Кенгашнинг янгиланган таркиби ҳам тасдиқланди.
Ҳужжатдаги муҳим ва эътиборли янгиликлардан яна бири, Фармонга асосан, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш белгиланди.
Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ҳамда тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш кабилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Шунингдек, Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази исломшунослик йўналишидаги илмий тадқиқотларни ҳамда дин билан боғлиқ жараёнлар бўйича таҳлилларни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.
Марказга Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ҳудудида рўй берган Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий пойдеворини яратишда иштирок этиш;
ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш
ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам кўрсатиш;
ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшларни
ёт ғоялар таъсиридан асрашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш каби қўшимча вазифалар белгиланди.
Фармонда белгиланган яна бир муҳим жиҳат шуки, диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириб бориш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди ҳамда унинг таркиби тасдиқланди.
Мазкур Мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади.
Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
“Учинчи ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғояси асосида буюк аждодларимиз илмий меросида улуғланган ватанпарварлик, бағрикенглик каби умуминсоний ғояларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш йўналишларини белгилаш;
диний-маърифий соҳадаги муассасалар фаолиятини чуқур ўрганиб бориш, ўқув-тарбия жараёнига илғор ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялар, инновацион ишланмаларни татбиқ этиш ҳамда илмий ва услубий фаолиятини мувофиқлаштириш;
соҳа ташкилотларида тўпланган илмий-услубий ишланмалар
ва тажрибаларни таҳлил этиш асосида улардаги таълим
мазмунини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш, ўқув режа
ва фан дастурларини ишлаб чиқишда узвийлик тамойилларини таъминлаш;
республиканинг барча таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида бажариладиган диний мавзудаги тадқиқотлар (диссертациялар)нинг мавзу ва йўналишларининг аҳамияти, долзарблиги юзасидан тегишли тавсияларни бериш.
Фармонга асосан, эндиликда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси этиб қайта номланди.
Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.
Академиянинг асосий вазифалари сифатида, исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш.
Шунингдек, таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш, қолаверса, виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳисобланади.
Ўз навбатида, диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш, талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳам асосий вазифалар турига киради.
Шу билан бирга, мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳам алоҳида қайд этилган.
Фармон билан Академияга бир нечта ҳуқуқлар ҳам берилди. Жумладан, ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилаш;
етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Академия вакилларини хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига малака ошириш ва тажриба орттириш учун юбориш;
ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш ва ҳоказолар.
Фармонда келтирилганлардан англаш мумкин-ки, мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар, диний-маърифий соҳада ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда.
Бу эса, юртимиздаги турли дин ва миллат вакилларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, аҳилликда, меҳр-оқибатда яшашларига, пировардида мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликнинг янада мустаҳкамлашига асос бўлмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мазкур Фармон юртимиз фуқароларининг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни
янги босқичга олиб чиқиш йўлида, ўз вақтида, қабул қилинган муҳим ва зарурий ҳужжат бўлди.
