Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-07-19 17:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Учрашувда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анди Аранитаси, Инфратузилма бўйича катта банкир Александр Рогачевский, Молия институтлари бўйича катта банкир Зулфира Ахмедова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Хуршед Мустафаев ва Жасур Каршибаев, Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этдилар.
Мулоқот аввалида томонлар Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ўзаро ҳамкорлик ва унинг истиқболлари, биргаликда амалга оширилган лойиҳалар ва тўпланган тажрибалар, сўнгги йилларда мамлакатимизда юз берган самарали иқтисодий ўзгаришлар юзасидан фикр алмашдилар.
Суҳбат давомида томонлар банк-молия соҳасидаги ўзгаришлар, хусусан, давлат иштирокидаги банкларнинг хусусийлаштириш ва трансформация жараёнларини жадаллаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш, давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни давом эттириш ҳамда самарадорликни ошириш, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, микромолия соҳасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



