Томорқанинг обод бўлиши - қўшимча даромад
2026-02-16 10:35:00 / Янгиликлар
Ҳозирда аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш барча масъул раҳбарлардан тортиб, томорқа эгасининг ҳам муҳим вазифаларидан бирига айланди. Мавжуд аҳоли томорқалари ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида вилоятимизда ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги вақтда Вобкент тумани Шоҳнигор маҳалласидаги иссиқхоналар сони 35 тага етди",-дейди маҳалла раиси Имом Саломов. Маҳаллада Шаҳноза Авезованинг иш юритаётган 60 сотихли замонавий иссиқхонаси, айниқса, эътироф этишга лойиқ. Шаҳноза опа бугун иссиқхонада помидор кўчатларини ўтказган. Булғор қалампири йиғиштириб олингач, кўчатлар қирқириб дориланди ва қатор орасига помидор кўчатлари қурилди. Булғор қалампири кўчатлари ҳам қирқилгач қайта куртак отади ва помидорнинг ҳосили тайёр бўлгунча қайта кучга киради. Бу усул ерга мустаҳкам томир отган кучли ниҳолни сақлаб қолиш имконини беради. Вақтдан ҳам ютилади.
"Бугун томорқадан унумли фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини барча ер эгалари тўғри англай билиши лозим",- дейди Шаҳноза Авезова. Бу йилги даромад 200 млндан ошди. Кейинги йилда эса бундан ҳам юқори марра кўзланган. Доимий ишчи кучига эҳтиёж мавжуд. Шунинг учун Шаҳноза опа деҳқончилик сир-асрорларини қизғанмайди, ишчиларга бор тажрибасини улашади. Шоҳнигорлик ер эгаларига эса бу тажрибаларни ўрганиш муҳим. Томорқа иши–жисмоний фаоллик, томорқанинг обод бўлиши эса - қўшимча даромад, камбағаллик деган сўзга ўрин йўқ деган оддий ва ўринли тушунчаларни ҳаётга тўлиқ тадбиқ эта олсак, кўзланган мақсадларга эришилади.







