Қишлоқ хўжалигида устувор вазифалар ижроси таҳлил қилинди
2026-02-21 17:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида мавсумий ишлар фаол босқичга кирди. Айни пайтда ҳудудларда ғаллазорларни агротехник талаблар асосида парваришлаш, минерал ва ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш тартибини тўғри ташкил этиш ҳамда чигит экиш учун ер майдонларини сифатли тайёрлаш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Музработ туманида бўлиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган асосий йўналишлар ижросини жойида ўрганди. Шу билан бирга, видеоконференсалоқа орқали барча туманлардаги мавжуд ҳолат танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.
Жумладан, ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, суспензия усулида озиқлантириш самарадорлиги, маҳаллий ўғит захирасини шакллантириш, картошка экиш, шунингдек дала четларига мевали кўчатлар экиш ишларининг бориши юзасидан маълумотлар тингланди.
Шунингдек, ирригация инфратузилмасини яхшилаш — канал ва ички ариқларни бетонлаш, чигит экиладиган майдонларда ер текислаш ва пушта олиш ишлари сифати, саноатлашган боғ ва токзорлар барпо этиш, мавжуд боғ ва ток қатор ораларидан самарали фойдаланиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар бўйича масъулларга вазифалар юклатилди. Барча агротехник тадбирларни муддат ва сифат талабларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш, ҳар бир гектар ернинг ҳосилдорлигини ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.




