Оғир тоифадаги маҳаллаларда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади
2026-02-17 16:15:00 / Янгиликлар

Президентимиз топшириқлари ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида архитектура ва қурилиш йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар 114 та оғир тоифадаги маҳаллага бириктирилиб, мутахассислар кўмагида ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.
Шу муносабат билан вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳрининг "А. Жомий" маҳалласида бўлиб, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети талабаларининг аввалги муҳокамалардаги тавсиялар асосида устозлари кўмагида ишлаб чиқилган "А. Жомий" ва "Жўйжангал" маҳалла фуқаролар йиғинларининг лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотлар давомида ҳудудларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилишга оид аниқ ҳисоб-китоб ва таклифлар илгари сурилди. Вилоят раҳбари амалий аҳамиятга эга бўлган ишланмаларни босқичма-босқич татбиқ этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берди.
Шунингдек, мастер-режалар доирасида ички йўлларни яхшилаш, ёмғир ва оқова сувлар тизимини тартибга солиш, бетон ариқлар барпо этиш ишларини жадаллаштириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида қайд этилди.




