Қумқўрғонда саноат салоҳияти ва уй-жой қурилиши ўрганилди
2026-02-16 21:25:00 / Янгиликлар

Ҳудудий иқтисодиётни диверсификация қилиш, экспорт ҳажмини ошириш ва барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган инвестиция лойиҳаларининг ижроси жойларда тизимли ўрганилмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Қумқўрғон туманига ҳам ташриф буюриб, "Қумтекс" эркин саноат зонасидаги тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди. Корхонада мато тўқиш ва бўяшнинг тўлиқ технологик занжири йўлга қўйилган бўлиб, айни вақтда маҳсулотларнинг асосий қисми Германия буюртмаси асосида ишлаб чиқарилмоқда ва экспортга йўналтирилган. Бу эса ҳудуднинг ташқи савдо салоҳиятини мустаҳкамлаш, қўшимча қиймат яратиш ва бандликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Ташриф давомида ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, Боғаро маҳалласида барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойлар қурилиши кўздан кечирилди. Ҳудудда жами 19 та уй-жой қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 4 та 5 қаватли ва 1 та 7 қаватли бино қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Қурилиш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш, техник меъёрларга қатъий риоя қилиш ҳамда доимий назоратни таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.








