Бандихонда ижтимоий соҳа ва йўл инфратузилмаси лойиҳалари ижроси кўздан кечирилди
2026-02-16 18:50:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифини Бандихон туманида давом эттирди. Ташриф доирасида вилоятнинг энг ёш туманларидан бири бўлган Бандихонда ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар ижроси ўрганилди.
Жумладан, 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 39-сонли оилавий поликлиника биноларини реконструкция қилиш ишларининг бориши билан танишилди. Айни пайтда ҳар икки обектда якуний пардозлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят раҳбари қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш, жиҳозларни тасдиқланган техник талаблар асосида ўрнатиш ҳамда обектларни фойдаланишга топшириш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берди.
Шундан сўнг "Бойсун–Денов" автомобил йўлини реконструкция қилиш лойиҳасининг Бандихон туманидан ўтувчи қисмида олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди. Лойиҳанинг бош пудратчиси — "Ланкаран Ёл Тикинти" МЧЖ вакиллари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир лот бўйича қурилиш ишлари сифатини алоҳида кўриб чиқиб, йўл инфратузилмасига қўйилган талаблар асосида ишларни тизимли ва самарали ташкил этиш, белгиланган графикка қатъий риоя қилиш ҳамда сифат назоратини кучайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.








