Термизда байрамга тайёргарлик, Ангорда йўл инфратузилмаси, Қизириқда янги лойиҳалар ижроси ўрганилди
2026-02-16 18:50:00 / Янгиликлар

Хабар берганимиздек, вилоят ҳокимининг топшириғига мувофиқ жорий йилда "Наврўз" умумхалқ байрамини юқори савияда ташкил этиш юзасидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари бошланган. Шу муносабат билан вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманидаги "Янги Ўзбекистон" массиви ҳудудида жойлашган амфитеатр майдонида бўлиб, ишлаб чиқилган байрам дастурлари тақдимоти билан танишди.
Масъуллар томонидан ҳудудни байрамона безатиш, замонавий декорациялар ўрнатиш, миллий қадриятларимизни акс эттирувчи саҳна кўринишларини ташкил этиш ҳамда аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар билдирилди. Вилоят раҳбари байрам тадбирларини мазмунан бой, ташкилий жиҳатдан пухта ва юксак савияда ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди.
Шундан сўнг ташриф Ангор туманида давом этди. Туман марказига кириш қисмида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда стелла ва санитар пунктлар барпо этиш ишлари кўздан кечирилди. Ҳудудни замонавий кўринишга келтириш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ташриф давомида Қизириқ туманидаги қатор истиқболли лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Такия ота зиёратгоҳини ободонлаштириш, зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ишлари ўрганилди. Шунингдек, мазкур ҳудудга туташ майдонларда амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Бундан ташқари, туманда барпо этилиши кўзда тутилган "Янги Ўзбекистон" массиви учун танланган ер майдони ҳамда уни комплекс ривожлантириш режалари, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилувчи истиқболли лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.









