Ўқув-тажриба хўжалигида лойиҳалар ижроси ўрганилди
2026-02-11 20:05:00 / Янгиликлар

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг Термиз туманида жойлашган ўқув-тажриба хўжалигида амалга оширилаётган илмий лойиҳалар ижроси ўрганилди.
Мазкур хўжаликда олийгоҳ олимлари ҳамда ёш тадқиқотчилар томонидан ишлаб чиқилган ташаббуслар босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда. Хусусан, 3 гектар майдонда бодом, эртапишар шафтоли ва ўрик кўчатлари экилиб, янги интенсив боғ барпо этилди. Шунингдек, илмий-амалий тажрибаларни ўтказиш учун 8 гектар ер майдони ажратилиб, зарур агротехник тадбирлар амалга оширилди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудга ташриф буюриб, бажарилган ишлар ҳамда илгари белгиланган вазифалар ижроси билан танишди.
Тақдимотларда сабзавот ва дон экинлари селекциясини ривожлантириш, қуёш энергиясига асосланган экологик агротехнологияларни жорий этиш бўйича истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, ҳудудда балиқ чавоқларини етиштиришга мўлжалланган инкубация цехи ҳамда кўчат тайёрлаш лабораториясини барпо этиш юзасидан ҳисоботлар тингланди.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳалар илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлаш, талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ҳамда аграр соҳада самарадорликни оширишга хизмат қилади.




