Сурхондарёлик яна бир тадбиркор ўзи ўқиган мактабни таъмирламоқда
2026-02-10 21:15:00 / Янгиликлар

Мактабларда замонавий шарт-шароитларни яратиш, таълим стандартларига тўла жавоб берадиган ўқув муҳитини шакллантириш мақсадида ҳудудларда манзилли дастурлар асосида таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда янги бинолар қуриш ишлари изчил давом этмоқда. Бу жараёнда юртимиз тадбиркорлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Денов туманидаги 35-сонли умумтаълим мактабининг 330 ўринли ўқув биноси маҳаллий тадбиркор Жамшид Ибрагимов ташаббуси билан ҳомийлик маблағлари ҳисобидан замонавий талаблар асосида капитал таъмирланмоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов мазкур таълим муассасасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишиб, тадбиркор билан лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан суҳбатлашди. Ташаббус доирасида мактабнинг ўқув биноси, спорт зали ҳамда ошхонаси тўлиқ таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланиши режалаштирилган.
Маълумот учун, шу кунга қадар сурхондарёлик тадбиркорлар ташаббуси билан тўртта мактаб тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган.


