Олтита туманда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар ўрганилди
2026-02-07 13:45:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда келгуси мавсумга тайёргарлик кўриш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Хусусан, ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги техникаларини мавсумга шай ҳолатга келтириш, ер майдонларидан самарали фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор, Музработ, Шеробод, Қизириқ, Бандихон ва Шўрчи туманларига ташриф буюриб, қишлоқ хўжалиги соҳасида белгиланган вазифалар ижросини ўрганди.
Ўрганишлар давомида масъуллар ғалла майдонларига маҳаллий ўғитлар бериш, майсазорларни бегона ўтлардан тозалаш мақсадида гербицид ва фунгицидлар сепиш, касалликларга қарши курашиш, шунингдек, дала четларига тут ва бошқа дарахт кўчатлари экиш ишлари бўйича ахборот берди.
Шунингдек, самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғлар ташкил этиш, канал ва ариқларни бетонлаштириш, пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш, чигит экиш режалаштирилган майдонларни текислаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб, ишлар сифатини ошириш ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларига амалий кўмак кўрсатиш юзасидан топшириқлар берди. Ташриф давомида қишлоқ хўжалиги техникаларини сақловга қўйиш, трактор ва агрегатларни таъмирлаш, техник кўрикдан ўтказиш ҳамда келгуси иш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати ҳам кўздан кечирилди.








