Ангорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт жараёнлари ўрганилди
2026-02-05 19:05:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятининг қулай иқлим шароити ва унумдор тупроқлари туфайли ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йил давомида етиштириш ва экспортга йўналтириш имкониятлари кенгаймоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов аҳолининг ушбу йўналишда тўплаган тажрибаси билан танишиш мақсадида Ангор туманига ташриф буюрди. Хусусан, Баҳор маҳалласида яшовчи Юсуф Шобиров ва Шавкат Пирматов хонадонида қизил карам, тош карам, гулкарам, брокколи, Хитой карами, лавлаги ва дайкон каби маҳсулотларни етиштириш жараёнлари ўрганилди.
Маҳалладаги деярли барча хонадонларда ушбу турдаги маҳсулотлар йил давомида етиштирилиб, хорижий давлатларга экспортга йўналтирилади. Вилоят раҳбари ушбу тажрибани оммалаштириш, аҳолини маҳсулот етиштиришда қўллаб-қувватлаш ва экспорт жараёнларини янада қулайлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, маҳаллада мева-сабзавот маҳсулотларини йиғиб-териб олиш жараёнлари билан танишилди. Ташриф давомида вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг фаолияти ва келгусида амалга ошириладиган режалари юзасидан ахборотлар тингланиб, тегишли вазифалар белгиланди.









