“Эсо Ритм”: Барқарор ва экологик тоза турмуш тарзи тарғиб қилинди
2025-06-09 16:35:00 / Янгиликлар

Тошкентда “Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан биринчи халқаро “Эсо Ритм” фестивали ўтказилди.
Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Миллий гвардия, БМТ Тараққиёт дастури доирасидаги ГEФнинг Ўзбекистондаги кичик грантлар дастури ва бошқа ҳамкорлар кўмагида ташкил этилди. Унда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳам кўргазмали расмий бурчаги ташкил этилди.
Фестиваль 2000 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро ёшларни бирлаштирди. Иштирокчилар иккинчи ҳаёт бағишланган нарсалар, хусусан, пластик идишлар, кийим-кечак, қоғоз чиқиндилари, ишлатилган батарейкалар ва ўйинчоқлардан чипта ўрнида фойдаланишди.
Шунингдек, 100 нафардан ортиқ волонтёрлар экологик турмуш тарзига намуна кўрсатишди: ўз қўллари билан эски футболкалардан фойдали нарсалар ясашди, бир марталик идишлардан воз кечишди, бирорта ҳам баннер ишлатилмади, барча безаклар қўлбола усулда кераксиз қутилардан тайёрланди.
Бундан ташқари, фестивалга ташриф буюрганлар учун брендлар ярмаркалари, маҳаллий экологик лойиҳалар кўргазмалари, маҳорат дарслари ва ижодий ҳудудлар ташкил қилинди.
Шу билан бирга, чиқиндиларни қайта ишлаш, муқобил энергия ва барқарор истеъмол соҳаларида инновацион ечимларни намойиш этувчи замонавий эко-лойиҳалар ва стартапларга алоҳида эътибор қаратилди.
Фестивалда “Слеан Гамес Узбекистан” экологик ўйини ғолиблари, “Қаҳрамонлар даври” лойиҳаси доирасидаги ёши кичик, бироқ аҳамияти катта бўлган эко-қаҳрамонлар, шунингдек, расмлар ва қўл меҳнати танлови иштирокчилари ҳам тақдирланди.
Якунда маҳаллий ва хорижлик санъаткорлар иштирокида концерт дастури, рақс ансамбли, фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг болалар спорт маркази томонидан саҳна кўринишлари тақдим этилди.
“Эсо Ритм” эко-фестивали жамоатчилик, давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, шаҳар аҳолисини барқарор ва экологик тоза турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича самарали мулоқот ва ҳамкорликдаги ҳаракатларга жалб этишга хизмат қилади.









