Чиқиндиларни бошқариш агентлиги Когонда аҳоли мурожаатлари ечимига доир сайёр қабул ўтказди
2025-06-28 14:20:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Бугун, 28 июнь куни Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов иштирокида Бухоро вилояти Когон тумани «Тараққиёт» маҳалласида сайёр қабул ташкил этилди. Унда агентлик, вилоят Экология ва Чиқиндиларни бошқариш бошқармалари, туман ҳокимлиги, маҳаллалар ҳамда «Аҳолитранс» санитар тозалаш корхонаси вакиллари иштирок этди. Қабул давомида Когон шаҳри ва туманининг фуқаролари томонидан билдирилган муаммо ва мурожаатлар бирма-бир кўриб чиқилди. Жараёнда 20 га яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг экология, чиқиндиларни бошқариш, санитар тозалаш хизмати сифати, дебитор қарздорлик, чиқинди йиғиш пункти ташкил этиш ва полигонлар ҳолатига доир мурожаатлари қабул қилинди. Қабул давомида асосий эътибор мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун вақт талаб қилганлари иш юритувига олинди, яъни ҳар бир мурожаат алоҳида назоратда. Маълумот ўрнида: бу каби чора-тадбирлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 445-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси юзасидан олиб борилмоқда.






