Шанхайда Ўзбекистон Бош вазири Хитой Бош вазири билан учрашди
2024-11-04 16:45:00 / Янгиликлар
Мазкур тадбирда фахрий меҳмон мақомида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегацияси бугун, 4 ноябрь куни Шанхайга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашув ўтказилди.
Дастлаб, Ўзбекистон томони Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга йўллаган самимий саломини етказди. Ўз навбатида, Хитой томони Си Цзиньпиннинг Давлатимиз раҳбарига эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўради.
Хитой Ўзбекистоннинг ишончли, вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкори экани, икки томонлама алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, муносабатларнинг бугунги даражага кўтарилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги ишончли, самимий ва дўстона муносабатлар асосий омил бўлаётгани таъкидланди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Хусусан, 2023 йилда савдо айланмаси 14 млрд долларга етди. Давлатлар Раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига унинг ҳажмини 20 млрд долларга етказиш вазифасини қўйган. Мазкур топшириқ ижросини таъминлашда барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун эса ўзаро саъй-ҳаракатлари бирлаштириш лозимлиги билдирилди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, саноат, инфратузилма, транспорт-логистика, “яшил” энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, IT, таълим, туризм, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Шанхайга ташриф доирасида Шанхай шаҳри Партия қўмитаси котиби Чен Цзиньин ҳамда “Henan investment Group”, “China Datang Group”, “Shanxi Tianhai Group” сингари Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Хитойга амалий ташрифи давом этмоқда.