
Таълим ва Инновациялар

Каримова Эъзозхон Гапиржановна
Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири

Шарипов Конгратбай Авезимбетович
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири
2022 — 2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича МИЛЛИЙ ДАСТУР
Ривожлантириш дастурининг асосий йўналишлари:
мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурини тўлақонли жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий муаллифлар томонидан яратилган замонавий дарсликларни амалиётга киритиш;
жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, педагоглар учун қулай ижтимоий шароитлар яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш;
ўқитувчиларнинг ёшларга таълим ва тарбия беришдаги масъулиятини, доимий касбий ривожланишдаги талабчанлигини ошириш;
умумий ўрта таълим муассасалари учун миллий кадрлар захирасини шакллантириш, илғор мактаб директори ва намунали ўқитувчи мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш;
умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, мазкур йўналишда узлуксиз мониторинг, баҳолаш ва прогнозлаш механизмларини йўлга қўйиш, бола таълим-тарбиясида оила, айниқса, ота-онанинг ўрнини ошириш;
ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касбларга йўналтириш тизимини такомиллаштириш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг мактабгача ва мактаб таълими тизимига интеграциясини кучайтириш ҳамда инклюзив таълим жараёнларини жадаллаштириш;
умумий ўрта таълимда барча маълумот алмашинуви жараёнларини мактабгача ва мактаб таълими тизимини бошқаришнинг ягона дастурий мажмуаси орқали амалга оширилишини ҳамда ушбу соҳада электрон давлат хизматлари кўламини кенгайтириш;
умумий ўрта таълим муассасаларининг навбатлилик коэффициентини оптимал даражага етказиш, замонавий моделлар бўйича мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш.
Маъмурий ислоҳотлар натижасида мактабгача, халқ ва ихтисослашган таълим ягона мактабгача ва мактаб таълими тизимига бирлашди.
Ҳозирги кунда тизимда 10 мингдан ортиқ мактаб, 38 мингдан ортиқ боғчаларда 8,5 миллионга яқин тарбияланувчи ва ўқувчига салкам 700 минг нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда. Мактабларни йилига ўртача 400 минг ўқувчи битираётган бўлса, уларнинг 170 минг нафари таълимни давом эттирмоқда. Сўнгги беш йилда 422 та давлат боғчаси қурилиши ҳамда 21 мингдан ортиқ нодавлат муассасалар очилиши ҳисобига 1 миллион 200 минг ўрин яратилган. Тизимга болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 78 фоизга етган.
2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади.
Сўнгги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.
Ҳудудлардаги 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган. Натижада илғор хорижий тажриба асосида вазиятни таҳлил қилиш, муаммони ечиш, жамоада ишлаш каби амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилган. 208 та мактабнинг юқори синф ўқувчиларига 3 та йўналиш бўйича касбга ўргатиш йўлга қўйилди. Чет тилини билиш сертификатига эга бўлган мактаб битирувчилари сони охирги икки йилда 6 минг нафардан 18 мингга етди.
Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошди.
Жумладан, чет тили, ахборот технологиялари, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилди. Натижада 6 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 23 мингга етди, 10 миллион сўмдан юқори ойлик олувчилар 1 мингдан ошди.
Мактаблар юкламасини камайтириш мақсадида 800 минг ўқувчи ўрни яратилди. Олий ўқув юртлари сони 200 дан ошиб, қамров 9 фоиздан 38 фоизга етди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш КОНЦЕПЦИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.
Концепция Ўзбекистон Республикасида олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
2025-йилда олий таълим ва фан тизимида қатор ижобий натижаларга эришилди. Нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг ТОП-500 рўйхатига кирувчи университетлар билан ҳамкорликда 17 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилди. Шунингдек, халқаро рейтингларнинг ТОП-1000 рўйхатига 3 та олий таълим муассасаси киритилди. Илмий соҳада профессор-ўқитувчилар томонидан Scopus ва Web of Science халқаро маълумотлар базаларида 4 514 та мақола чоп этилди.
2025-йилда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 44 фоизга етказилди. Шунингдек, халқаро рейтингларда “Топ–1000” рўйхатига кирган олий таълим муассасалари сони бир донага ортган. Таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича ҳам белгиланган вазифалар бажарилиб, 5 та олий таълим муассасасида мазкур жараён муваффақиятли рўёбга чиқарилган.
2025-йилда инновация ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш йўналишида белгиланган кўрсаткичлар ошириб бажарилган. Танловга тайёрлаш дастури доирасида молиялаштирилган стартаплар натижасида 36 та маҳсулот ва хизмат яратилган. Давлат илмий дастурлари доирасида муҳандислик йўналишидаги тадқиқотлар улуши 19,6 фоизга етган.
Таълим ва илмий ташкилотларда олий таълимдан кейинги таълим институтлари сони 249 тага етказилди. Бунинг натижасида олий таълимдан кейинги таълимнинг стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантура учун ажратиладиган қабул квоталари 2025-йилда 5300 тага етказилди. Ҳозирда, стажёр-тадиқотчилик институти ва олий таълимдан кейинги таълим институтларида илмий тадқиқот олиб бораётган изланувчилар сони 32 078 нафарни ташкил этмоқда.
2025-йилда инновацион фаолиятни бошқариш ва ташкиллаштириш, уни амалга оширишни мувофиқлаштириш, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини ошириш йўналишларида:
- Давлат илмий дастурлари доирасида умумий қиймати 577,1 млрд сўм бўлган 323 та илмий лойиҳа молиялаштирилди;
- тижоратлаштириш лойиҳалари натижасида қиймати 51,83 млрд сўм бўлган инноватсион маҳсулот ва хизматлар сотилди;
- 12 та инноватсион фаолият инфратузилма субъектлари, хусусан, 4 та технологик парклар, 3 та венчур фонди, 2 та бизнес-инкубатор ва акселератор, 3 та инновацион марказлари ташкил этилди.

