
Туризм ва Маданият

Назарбеков Озодбек Ахмадович
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

Аққулов Абдулазиз Ўролбоевич
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси
Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм тармоқларига қаратилаётган юқори эътибор натижасида юртимизга ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ҳамда соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субектларига қулай шароитлар, туризм инфратузилмасини янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, туризм тармоқлари ҳамда жойлаштириш воситаларида хизмат турларининг яққол ортиши ва юқори сервис салоҳиятининг йўлга қўйилганини кузатиш мумкин.
Бу борада “Туристик хизматларни сертификатлаштириш ва туристик индустрия объектларини таснифлаш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланган. Ушбу Низом талабларига биноан эса сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш ўзининг самарали натижасини берди.
Сабаби туризм хизматларини сертификатлаштиришнинг эски тизими ўзини оқламаган бўлса, кўп йиллар давомида туризм хизматлари сифат ва хавфсизлик борасидаги стандартларга жавоб бермасди. Туризм хизматлари узоқ даврлардан қолган ва долзарблигини йўқотган, халқаро талабларга жавоб бермайдиган стандартлар асосида сертификатлаштирилар эди.
Бунда Марказ қошида Туризм хизматларини стандартлаштириш соҳасидаги техник қўмита ташкил этилган. Ҳозирги кунгача ушбу техник қўмита томонидан халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган 14 та давлат стандарти ишлаб чиқилган бўлиб, сўнгги йилларда улар асосида сертификатлаштирилган жойлаштириш воситаларида кўрсатиладиган хизматларнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш сезиларли даражада ошди.
Шунингдек, меҳмонхона бизнеси вакилларига қулайлик яратиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида меҳмонхона хизматларини кўрсатиш бўйича базавий кўникмаларни шакллантиришга кўмак берувчи жойлаштириш воситалари ходимлари учун матн ва аудио материалларидан ташкил топган мобил илова ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон томонидан ЮНЕСКОнинг соҳага оид 4 та Конвенцияси ратификация қилинди.
Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари Умумжаҳон мероси рўйхатига, Шошмақом, Наврўз, Бойсун маданий муҳити, Аския, Катта ашула, Палов маданияти ва анъанаси, Марғилон ҳунармандчилик мактабининг атлас ва адрас тўқиш технологияси каби номоддий маданий мерос намуналари ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилган. Шунингдек, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги концеларияси ҳужжатлари “Жаҳон хотираси” дастуридан жой олган.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 июлдаги “Туризм тўғрисида” ЎРҚ-549-сон Қонуни қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5611-сон фармони билан 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июлдаги "Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-114-сон Фармони қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2025-2026-йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-87-сон Фармони қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-348-сон Қарори билан “Туризмни жадал ривожлантириш ва ушбу соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича Йўл харитаси” тасдиқланди.
2025 йилда сайёҳлар сони 11 миллиондан ошиб, дунёнинг 200 та давлатидан туристлар ташриф буюрган, туристик хизматлар экспорти 4,8 миллиард долларга етган, шунингдек, визасиз тартиб жорий этилган давлатларнинг сони 94 тага кўпайган. Мамлакатимиз туризм салоҳиятини АҚШ, Форс кўрфази давлатлари, Ҳиндистон, Хитой ва Скандинавия каби устувор бозорларда илгари суриш бўйича янги маркетинг стратегиясини амалга оширмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро туристик платформалардаги иштироки кенгайтирилмоқда, рақамли контентни ривожлантириш ҳамда йирик медиа ресурслари ва фикр етакчилари жалб қилинмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро маданият маконида ўз мавқеини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси 190 мамлакатдан 3 мингдан ортиқ делегатлар иштирокида муваффақиятли ўтказилди. Тадбир якунларига кўра, Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилиш, таълим ва креатив иқтисодиёт бўйича ташаббусларини амалиётга жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 январдаги “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги ЎРҚ-668-сон Қонуни қабул қилинган.
Бухорода биринчи Замонавий санъат биенналеси ўтказилди. 70 кун давом этган тадбир 3,5 гектар майдонни ва 14 та реставрация қилинган маданий мерос объектларини қамраб олди. Биенналеда 40 дан ортиқ давлатдан 70 нафар ижодкор ва куратор иштирок этди. Тадбирда иштирок этганларнинг сони қарийб 1,8 миллион нафарни ташкил этиб, жумладан, 100 нафардан ортиқ юқори мартабали хорижий меҳмон ташриф буюрди. Ўзбекистон 2021 йилдан буён Венеция биенналесида доимий равишда иштирок этиши эса Италиядан сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилмоқда.
Самарқандда “Самарқанд мероси йўлаги” лойиҳаси иш бошламоқда. Регистон ансамбли, Бибихоним ва Шоҳи Зинда мажмуалари ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонасини 6,6 километрлик ягона сайёҳлик йўналиши ўзаро боғлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарори билан “Моддий маданий мерос обектларининг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 22 ноябрдаги “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-399-сон Қарори.

