Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда
2025-12-04 09:30:00 / Янгиликлар

Маданият кунлари доирасида, 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазири ўринбосари Лу Йингчуан ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат делегацияси вакиллари ҳамда Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Сзюн ҳам иштирок этди.
“Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари тарихий илдизларга эга. Бугун эса бу ҳамкорлик янги мазмун касб этиб, маданий-гуманитар соҳада ҳам юксак чўққиларга кўтарилмоқда. Анъанага асосан, Тошкент ва Самарқанд шаҳрида Хитой маданияти кунлари тадбирларининг ўтказилаётгани маданий ҳамкорлигимиз юқори даражада ривожланаётганини кўрсатади” – деди вазир Озодбек Назарбеков.
Учрашув давомида, сўнгги йилларда, Хитой ва Ўзбекистон ўртасида бир қатор маданий алмашинув тадбирлари амалга оширилганлиги ҳамда Хитой ижодий жамоалари юртимизда ўтаётган ҳар бир халқаро маданий тадбирда фаол иштирок этаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини янада ривожлантириш мақсадида бир қатор таклифлар кўриб чиқилди, хусусан, 2026 йил учун маданий тақвим режасини тузиш, маданий мерос объектларидан бирида Ўзбекистон миллий оркестри концертини ташкил этиш, театрларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш каби масалалар кўриб чиқилди.
Билдирилган таклифлар икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг икки ҳудудида — пойтахт Тошкент ва қадимий Самарқандда, 30 ноябрдан 4 декабрь кунига қадар “Хитой маданияти кунлари” тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Куни кеча, пойтахтдаги “Туркистон” санъат саройида “Хитой маданияти кунлари” тадбирининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Айни кунларда маданият кунлари Самарқандда давом этмоқда.


