
Ҳудудий ривожланиш
Жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларини жадаллаштириш, бу борада маҳаллий бошқарувни “аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида такомиллаштириш, долзарб муаммоларнинг тезкор ечимини топишда туман (шаҳар) ҳокимликларининг ваколатлари ва молиявий имкониятларини кенгайтириш ҳамда “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 октябрдаги “Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-186-сон Фармони қабул қилинди.
Мамлакатимизда жадал демографик ва иқтисодий ўсиш шароитида уй-жой қурилиши ва шаҳарсозлик бўйича йирик дастурлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги шаҳар – “Янги Тошкент” барпо этилмоқда, йирик ҳудудий марказлар миллионли шаҳарларга айлантирилмоқда.
2026 йилда Ўзбекистонда ҳудудларни тизимли ривожлантириш, камбағалликни тубдан қисқартириш ҳамда тадбиркорлик субектларига шароит яратиш борасида бир қатор муҳим қарорлар, фармонлар ва давлат дастурлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026-йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-49-сон Қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра асосий мақсадли кўрсаткичлар қаторида ушбу ҳам белгилаб қўйилган: 37 та оғир тоифадаги туманларда камбағаллик даражасини камида 2 бараварга қисқартириш ва Янги Ўзбекистон қиёфасидаги 33 та туман ва шаҳарни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш.


