Рақамли технологиялар ва Транспорт
Шерматов Шерзод Хотамович
Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири - Бош Ахборот Директори (CIO)
Махкамов Илхом Рустамович
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири
«Рақамли Ўзбекистон — 2030» СТРАТЕГИЯСИ
Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар, бизнес ҳамжамияти ва илмий доиралар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирокида “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси ишлаб чиқилган.
1997 йил 24 апрелда Ўзбекистон Республикасининг "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги 400-I-сонли Қонуни қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасида фуқаролар ва тадбиркорлик вакиллари учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, давлат бюджети параметрларини ва шунга ўхшаш масалаларни муҳокама қилиш ҳамда қабул қилишда электрон тарзда иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Бу жараёнда фуқаролар ва тадбиркорлар фаол иштирок этишлари мумкин.
Сўнгги уч йилда ахборот технологиялари соҳасига катта эътибор қаратилгани ўз натижасини беряпти. Ўтган йили IT-парк резидентлари 5 триллион сўмлик хизматлар кўрсатган, 140 миллион долларлик хизматларни экспорт қилган.
Мавжуд 715 та давлат хизматидан 370 таси рақамли платформага ўтказилган бўлиб, улардан ўтган йили 12 миллион аҳоли фойдаланган. Рақамлаштириш натижасида 70 дан ортиқ турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиш бекор бўлган.
Мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасидаги хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун камида 100 минг нафар малакали дастурчи, IT-архитектор, оператор ва муҳандислар керак. Ҳудудларда юқори тезликдаги интернет тармоғини кенгайтириш лозим. Хорижий IT-компаниялар кўпайиши учун янада қулай муҳит яратиш зарур. Аҳоли ва тадбиркорлар учун энг зарур бўлган янги электрон хизматларни ишга тушириш жоиз.
Сўнгги икки йилда юртимизда 215 та IT-таълим марказлари очилган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ҳам ўз самарасини берди. Ҳозирда IT-парклар мутахассисларининг кўпчилиги шу дастурни тамомлаган ёшлар ҳисобланади. Энди ёшларни “Coursera” платформаси орқали ўқитиш ҳам кенгайтирилади. Улар орасидан энг иқтидорлилари танлаб олиниб, алоҳида дастур асосида халқаро IT-бозор учун тайёрланади.
Киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг “Киберхавфсизлик тўғрисида” Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир. Киберхавфсизлик соҳасини тартибга солишга нисбатан ягона ёндашув маълумотларга ишлов бериш ҳамда уларни ҳимоя қилиш бўйича дастурий ва техник воситаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш жараёнини ташкил этиш, унинг мониторингини ва назоратини амалга оширишга қаратилган ахборот тизимларини ҳамда ресурсларини киберҳимоя қилишнинг ягона давлат тизими жорий этилган ҳолда таъминланади. Киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш жараёнида юзага келадиган муносабатлар, фойдаланиладиган ишлов бериш воситаларидан, жумладан, ахборот технологияларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги ЎРҚ-547-сон Қонуни билан тартибга солинади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.09.2019 йилдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4273-сонли қарори қабул қилинди.
Очиқ маълумотларнинг ошкоралик ва сифати даражасини, уларни фуқароларга ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 23.12.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 808-сонли қарори қабул қилинди ва 2021 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш КОНЦЕПЦИЯСИ тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14-октабрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-358-сонли қарори билан 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.
Халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини замонавий талабларга мослаштириш ва техник параметрларни ошириш борасида бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда ва келгусидаги амалга ошириладиган лойиҳаларда цементобетон қопламали йўллар қуришни, автомобиллар қайрилиб олиш жойларини ер устидан ёки ер остидан ўтказишни, йўл ва кўприклар ҳамда транспорт ечимларини мукаммал лойиҳалаш ҳисобига халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларда ҳаракатланишда хавфсизликни ва қулайликни оширишга эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда транспорт тармоқлари изчил ривожлантириб келинмоқда. Хусусан, 2018 йилда Бухоро – Мискин темир йўли қурилиб, Хивагача масофа 242 километрга қисқарган эди. Шу билан бирга, электр поездининг унумдорлиги 4,5 баробар юқорилигини инобатга олиб, мавжуд темир йўллар электрлаштирилмоқда. Сўнгги йилларда Қарши – Китоб, Поп – Наманган – Андижон ҳамда Қарши – Термиз йўналишлари электрлаштирилди.