Яқин тарих саҳифаларида. Магадан изтироблари
2024-04-19 14:30:00 / Янгиликлар

Косон туманидаги Гувалак қишлоғида яшовчи оддий деҳқон Норбўта ота ва Шодмон ая хонадонида дунёга келган тўнғич фарзандга яхши ният ила Хушвақт дея исм қўйишди.
Ёш Хушвақтнинг ўқувчилик йиллари Иккинчи жаҳон урушига тўғри келди. Қийинчиликларга қарамай, ота-онаси унинг ўқишига жиддий эътибор қаратди. Тумандаги 35-мактабнинг 7-синфини тугатган Хушвақт жамоа хўжалигида ишлаш билан бирга, кечки мактабда таҳсил олиб, таянч маълумотга эга бўлди.
Билим олишга, ўқишга бўлган иштиёқ 1952 йилда уни Тошкент юридик институтига етаклади. Шу йили имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, олийгоҳ талабаси бўлди. Институтни тугатгач, уни йўлланма билан ички ишлар органига ишга жўнатишди.
Илк хизмат фаолиятини 1956 йилда Қарши шаҳар ИИБ тезкор вакили лавозимида бошлаган ёш ходим олий ўқув юртида олган билимини амалиётда қўллаб, тажриба ва малакасини оширди. Ўз ишига бўлган талабчанлик ва қизиқишни сезган раҳбарият Хушвақт Норбўтаевни 1957 йилда собиқ иттифоқ ИИВ Олий мактабининг Тбилиси филиалига ўқишга жўнатади.
Ўқишдан билим ва малакасини ошириб қайтган Хушвақт Норбўтаев вилоят ИИБ ЖҚБ Давлат мулкини талон-торож қилишга қарши курашиш бўлими (ОБХСС) тезкор вакили лавозимида хизматни давом эттирди. Шу бўлимда катта тезкор вакил, вилоят ИИБ Тергов бўлими терговчиси, катта терговчиси каби масъулиятли вазифалардаги хизмат фаолияти ҳам самарали кечди.
Ўтган асрнинг 60 йилларида вилоят марказида криминоген вазият оғирлашган, жиноятчилик кўпайган эди. Шуни ҳисобга олган раҳбарият 1960 йили тажрибали ходим Хушвакт Норбўтаевни Қарши шаҳар ИИБ Жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили этиб тайинлайди. У 1969 йилга кадар катта тезкор вакил лавозимида айни шу бўлимда хизмат қилиб, кўплаб жиноятларни фош этишга катта ҳисса қўшди. Сўнгра кадрлар тақчиллиги боис Қарши шаҳар ИИБда терговчи, катта терговчи, тергов бўлинмаси бошлиғи каби лавозимларда ишлаб, ёшларга касб сирларини ўргатишда жонбозлик кўрсатди.
Касбий маҳорат ва тажрибада ҳамкасбларига ўрнак Хушвақт Норбўтаевга янада катта ишонч билдирилади — у вилоят ИИБ Тергов бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади. Кейинчалик Қамаши тумани ҳамда Қарши шаҳар ички ишлар бўлимларида бошлик лавозимларида хизмат қилиб, криминоген вазиятни яхшилаш борасида ҳамкасбларига ибрат бўлди.
Х. Норбўтаев 1975—1979 йилларда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида самарали фаолият юритди. 1979 йили вилоят ИИБ бошлиғи этиб тайинлангач, мазкур лавозимда ишлаган даврда, яъни 1979—1984 йилларда қонунбузарликларга барҳам бериш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш борасида ижобий натижалар кўлга киритилди. Янада эътиборлиси, айни шу даврда Чироқчи, Китоб, Касби, Миришкор, Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳар ИИБлари учун янги бинолар қурилди. Шахсий таркибни хизмат автомашиналари, алоқа воситалари билан таъминлаш ишларига шахсан ўзи ташаббускор ва бош-қош бўлди.
— Хушвакт Норбўтаев вилоят ИИБга раҳбар этиб тайинланганида мен бошқарма навбатчилик қисми бошлиғи лавозимида ишлардим, — дейди истеъфодаги подполковник Худоёр Ботиров. — Унинг жиноятларнинг олдини олиш ва содир этилганларини фош этиш борасидаги касбий билими, малакаси жуда кучли эди. Шу билан бирга, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ёш ходимларга касб сирларини ўргатиш, касбга садоқат туйғусини шакллантиришда ўзига хос тажриба мактабини яратганди.
1982 йил 3 ноябрь куни Хушвақт Норбўтаевга «милиция генерал майори» махсус унвони берилади. Қолаверса, хизмат йиллари давомида II, III даражали «Бенуқсон хизматлари учун» «Аъло хизматлари учун», «Ички ишлар вазирлигида хизмат кўрсатган ходим» кўкрак нишонлари билан тақдирланади.
Собиқ иттифоқ прокуратурасининг 19831989 йилларда Ўзбекистонда тергов ўтказган терговчилари Т. Гдлян ва В. Иванов томонидан «Пахта иши», «Ўзбек иши» деб номланган уйдирмалар асосида олиб борилган қатағонлар, афсуски, генерал майор Хушвақт Норбўтаевни ҳам четлаб ўтмади. У собиқ иттифоқ ИИВ буйруғи билан 1984 йил 3 октябрда лавозимидан озод қилинди ва терговга тортилди. Кейинги йилнинг 9 август куни эса қамоққа олинди.
Собиқ иттифоқ Олий Суди ҳарбий коллегиясининг 1988 йил 30 декабрдаги ҳукми билан Хушвақт Норбўтаев «милиция генерал майори» махсус унвонидан маҳрум қилиниб, ўша пайтдаги Ички ишлар вазирига пора бериш айби қўйилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этиш, мол-мулкини давлат фойдасига мусодара қилиш, жазони кучайтирилган колонияда ўташ бўйича жиноий жавобгарликка тортилди.
— Отам қамоққа олинганида 11 ёшли бола эдим, — дейди унинг ўғли Дилшод Норбўтаев. — Ўша машъум кунлар кечагидек ёдимда: гдлянчилар бизга ҳам зуғум ўтказишди, онам ва отамнинг бошқа қариндошлари, яқинлари тазйиққа олинди. Улар ҳатто мени ҳам икки марта терговга чақириб, «Отангнинг яширган пуллари қани, тилла буюмлари қаерда?» деб сўроқ қилишди. Энди, раҳматли падари бузрукворимга қилинган қийноқ ва зуғумларни, унинг Магаданда ўтган изтиробли, оғир йилларини тасаввур қилаверинг…
Х. Норбўтаев жазони Россиянинг Магадан шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида ўтаб, 1992 йил 8 июнда озодликка чиқади.
Истиқлол шарофати туфайли адолат қарор топди. Ўзбекистон Олий Судининг 1994 йил 9 сентябрдаги ҳукми билан Хушвақт Норбўтаевга қўйилган айблов бекор қилиниб, оқланди.
Хушвақт Норбўтаев озодликка чиққандан сўнг, 1995 йилда «Адолат» адвокатлик бюросини очиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида самарали хизмат қилди. У адолатсизлик билан асло муроса қила олмас, қолаверса, табиатан меҳрибон ва оқкўнгил инсон эди. Шу боис ҳам, ким унга бирор ёрдам сўраб мурожаат қилса, маслаҳатини, кўмагини аямасди.
Минг таассуфки, қатағон зулми асоратлари, айниқса, Магадан изтироблари моҳир раҳбар, малакали ҳуқуқшунос Х. Норбўтаевнинг саломатлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Олган руҳий ва жисмоний тазйиқлар туфайли 2008 йилда оламдан ўтди.
Хушвақт Норбўтаев турмуш ўртоғи Ҳикмат ая Баражабова билан икки фарзанд — бир ўғил, бир қизни тарбиялаб, комил инсонлар этиб вояга етказишди. Бутун умрини, бор куч ва салоҳиятини халқ осойишталигига бағишлаган фидойи инсоннинг хайрли ишларини бугун юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилаётган унинг фарзандлари, набиралари давом эттирмоқда.
Содиқ Раҳимов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Қашқадарё вилояти
