25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни. Нигоҳлар сирларни ошкор қилади
2025-10-26 23:00:00 / Янгиликлар

Терговчи жиноятни очиш, асл ҳолатни аниқлаш ва адолатни қарор топтиришда ҳар бир жиноят ишини синчковлик билан ўрганиши, воқеа-ҳодисаларнинг асл сабабларини аниқлаши зарур. Бунинг учун нафақат билим, малака ва тажриба, балки касбга садоқат ва ҳалоллик ҳам талаб этилади.
Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси терговчиси катта лейтенант Мамур Рўзимуродов тергов жараёнларида ҳар бир ҳолатни чуқур таҳлил қилади, далилларни пухта ўрганади ва ўз ишига масъулият билан ёндашади. Шунинг учун ҳам унга топширилган кўплаб жиноят ишлари тезда очилиб, ҳақиқат қарор топган.
Катта лейтенант Мамуржон падари бузруквори Рўзимурод Жўраевга ҳавас қилиб шу соҳани танлаган.
- Устозим — дадам, улардан соҳага доир кўп нарсаларни ўргандим, ҳозир ҳам айрим масалаларда ёрдам сўраб тураман, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Мамур Рўзимуродов вазифасига виждонан ёндашади, жабрланувчиларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун бор билим ва тажрибасини ишга солади. Шиори — ҳақиқатни топиш орқали адолатни қарор топтириш. Шунинг учун баъзан «ўртага тушиб» ёрдам сўровчиларга ҳам масалани мен эмас, қонун ҳал қилади, деб жавоб қайтаради.
Ўтган йил октябрь ойида Абдулла Бобомуродов (исм-шарифи ўзгартирилди) қариндошининг уйида кўп пул ва тилла тақинчоқлар борлигини билиб, уйига ўғирликка тушади. Хонадонга калит танлаш йўли билан кириб, жиноят изларини яшириш учун уйни электр тармоғидан узиб қўяди. Ҳатто уйдаги видеокузатув мосламасини юлиб олиб, қудуққа ташлаб юборади. Ётоқхона эшиги ва сейфни болта билан синдириб, ундан 65.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул ва оғирлиги 700 грамм бўлган турли хилдаги тилла тақинчоқларни олиб кетади.
Тергов жараёнида Абдулла Бобомуродов ҳолатни яширишга, терговчини алдашга ва чалғитишга ҳарчанд уринмасин жиноят фош этилди. Катта лейтенант Мамур Рўзимуродов ҳар бир гувоҳнинг кўрсатмаларини обдан ўрганди. Эътибордан четда қолган майда деталларга ҳам жиддий аҳамият қаратди. Воқеа жойида қолган излар, олинган фотосуратлар ва бошқа ашёвий далиллар тўплангач, айбдорнинг содир этган жиноятини тан олишдан бошқа чораси қолмади.
- Терговчига гумондорнинг сўзларидан кўра, унинг юзи, қараши кўпроқ нарсани айтади, нигоҳлар яширин сирларни ошкор қилади. Устозим — Тергов бўлими бошлиғи, подполковник Наби Эгамбердиевнинг бу ўгитига амал қилиб янглишмаяпман, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Умида МАМАДАЛИЕВА, ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
