Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Давлатобод туманида аҳоли осойишталигини таъминлашдаги тунги хизмат фаолияти ўрганилди
2025-10-20 10:45:00 / Янгиликлар

Давлатобод туманида ўтказилган ўрганиш ишлари давомида тунги хизматга жалб этилган ходимларнинг фаолияти, уларнинг хизмат интизоми ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти атрофлича кўздан кечирилди.
Дастлаб, «Тўқувчи», «Мустақиллик», «Навбаҳор» ва «Порлоқ» маҳаллаларига хизмат кўрсатувчи 3-сон «Ҳуқуқ-тартибот маскани» фаолияти ўрганилиб, маҳаллаларда тунги осойишталикни таъминлашга жалб этилган ходимларга йўриқнома ўтказилди. Унда ҳудудларда осойишталикни сақлаш, хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, хизматни ҳушёрлик билан олиб бориш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, тумандаги 1-марказий қозонхона фаолияти билан танишилди. Мутахассисларнинг ахборотлари тингланиб, ушбу объектнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси ва техник ҳолати ўрганилди. Мавсумни беталафот ўтказиш, иссиқлик таъминотини барқарор ушлаб туриш ва техник хавфсизликни кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, ҳудуддаги 24 соат давомида фаолият юритувчи савдо шохобчалари ходимлари билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг хавфсизлик чора-тадбирлари кўриб чиқилди ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалий тавсиялар берилди.
Бу каби ўрганишлар вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









