Ёшлар — келажак бунёдкори. Янги авлод терговчилари
2025-10-20 08:20:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида халқ манфаати ва юрт осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган фидойи ёшлардан бири лейтенант Дониёр Асатуллаевдир.
Яккасарой туманидаги «Боғсарой» маҳалласида устозлари — майор Бекзод Киргизбаев ва капитан Жамшид Дадабоев қўл остида профилактика инспектори ёрдамчиси сифатида фаолият юритиши мобайнида соҳага қизиқиши янада ортган лавҳамиз қаҳрамони орзусини амалга ошириш ниятида ИИВ Академиясини муваффақиятли якунлагандан сўнг Шайхонтоҳур тумани ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи лавозимида хизматни бошлаган.
Олдиндан соҳанинг ичида юрган ва Академияда устозларидан сабоқ олган, ғайрат-шижоатли ёш ходимнинг хизматга киришиб кетиши қийин кечмади. Шунингдек, мураббий ва ҳамкасбларининг берган йўл-йўриқлари тез орада ўз самарасини бера бошлади.
Лавҳамиз қаҳрамони замонавий ахборот технологияларини яхши ўзлаштирган, айниқса, киберхавфсизлик, рақамли далилларни тўплаш ва таҳлил қилиш соҳаларига алоҳида эътибор қаратади. Бу борада бир нечта семинар ва ўқув курсларида фаол қатнашиб, халқаро ҳамда маҳаллий сертификатларга эга бўлган. Хусусан, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази ҳамда Туркия Республикаси Миллий полиция бош бошқармаси кибержиноятларга қарши кураш бўлими томонидан ўтказилган «Онлайн ноқонуний букмекерлик ва қимор ўйинларига қарши курашиш» ўқув курсида фаол иштирок этиб, сертификатни қўлга киритган.
Ахборот технологиялари соҳасидаги билимлари, жиноятларни тергов қилишга масъулият билан ёндашиши туфайли раҳбарият ва устозлари ишончига сазовор бўлмоқда. Дониёр ҳали ёш, олдида яна кўплаб вазифалар, юксак марралар турибди. У сидқидилдан меҳнат қилиб, ўз устида мунтазам ишлаб, юксак чўққиларни забт этишни мақсад қилган. Бунинг учун унда барча зарур билим, қобилият ва кўникма етарли.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
