ИИВ Академияси ишчи гуруҳи томонидан криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллалар учун амалий маҳорат машғулотлари ташкил этилди
2025-10-18 09:00:00 / Янгиликлар

Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш ва маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Академияси ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли амалий машғулотлар ташкил этилди.
Мазкур машғулотлар Бухоро шаҳридаги «С.Айний», «Н.Ганжавий», «А.Дониш», «Шайхул олам» ҳамда Ғиждувон туманида жойлашган «Памъоза» маҳаллаларида ўтказилди. Ушбу ҳудудлар жиноятчилик даражаси нисбатан юқори бўлган, ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш долзарб бўлган маҳаллалар сифатида танлаб олинди.
Тадбир давомида ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 801-сонли ««Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ–1-сонли ҳамда 2025 йил 18 августдаги ПҚ–253-сонли қарорлари асосида ижтимоий профилактика тизимини ташкил этиш йўналишлари, 2025 йил 10-сентябрдаги ПФ–163-сонли «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон мазмуни, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий гвардия, Ўзбекистон Республикаси Маҳаллалари уюшмаси ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг 2025 йил 11 августдаги «Маҳаллаларни криминоген вазиятдан келиб чиқиб тоифалаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотлар етказилди.
Машғулотлар жараёнида иштирокчиларга жиноятчиликка қарши курашишда замонавий ёндашувлар, психологик таҳлил усуллари, профилактик суҳбатларни самарали ўтказиш техникаси ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича илғор тажрибалар намойиш этилди.
Энг муҳими, ўтказилган машғулотлар «илмий хулоса – тавсия – натижа» тамойили асосида ташкил этилиб, ҳар бир муаммо илмий таҳлил қилинди, аниқланган хулосалардан келиб чиқиб амалий тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда жойларда натижадорликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, ҳар бир маҳалланинг криминоген ҳолати ўрганилиб, жойлардаги ижтимоий муҳит таҳлил қилинди, мавжуд муаммолар бўйича аниқ таклиф ва йўналишлар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси мутахассислари томонидан маҳалла етакчилари, профилактика инспекторлари ва ёшлар фаолларига амалий кўмак берилди.
Мазкур ташаббус «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, ижтимоий профилактика тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда жиноятчиликнинг илдизини барвақт бартараф этишга қаратилган амалий ишларнинг узвий давомидир.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати







