«Хавфсиз ҳудуд» Осойишталикка замин
2025-10-17 08:30:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида ўтказилаётган тезкор профилактик тадбир доирасида барча йўналишларда хизмат қилаётган ходимлар жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида 76 фоиз аҳоли хонадонлари, 56 та меҳмонхонада паспорт-виза режими тадбирларини ўтказиб, 3792 та маъмурий ҳуқуқбузарликни аниқлашди. Профилактик ҳисобда турган, илгари судланган 1149 нафар шахснинг қарийб 93 фоизининг турмуш тарзи ўрганилиб, якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, айримларига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди. Шу билан бирга, пробация ҳисобидаги 89 фоиз шахсларнинг яшаш ва иш жойлари текширилиб, меҳнат ярмаркаларида 241 нафарининг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, таълим муассасаларида «Давомат» тадбирлари ўтказилиб, мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчилар мактабга қайтарилди. Ота-она назоратидан четда қолган 38 нафар ўғил-қиз Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
«Тиғ» тадбирлари давомида кўча ва жамоат жойларида фуқаролардан 272 та ўткир тиғли ва бошқа совуқ қуроллар аниқлаб олинди. Олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида юртдошларимиз ихтиёрий равишда 13 та ов қуроли ва 8 та ўқ-дорини ички ишлар бўлимларига топширди.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 12 нафар қидирувдаги шахс ушланди. 19 нафар бедарак йўқолган шахс топилди ва оиласи бағрига қайтарилди. Гиёҳвандлик моддаларини етиштириш, сақлаш ва сотиш ҳамда психотроп воситалар билан боғлиқ 11 та ҳолат аниқланиб, заҳри қотил «шайдолари»дан 9476,2 грамм гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қарийб 10 мингга яқин маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Улар орасида автотранспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, қизил чироқда ўтиш, тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситаларини бошқариш ҳамда давлат рақам белгиларини ечиб ҳаракатланиш каби қоидабузарликлар ҳам бор.
Содиқ РАҲИМОВ, ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
