Жараён. Мавсум беталафот ўтсин деб
2025-10-14 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда куз-қиш мавсумида аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Навоий вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан олис Зарафшон шаҳри, Томди ва Учқудуқ туманларида ўрганишлар олиб борилди.
Дастлаб Зарафшон шаҳрига кираверишдаги мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ходимлар фаолияти ўрганилди. Шундан сўнг шаҳар ИИБ Вазиятлар маркази, Навбатчилик қисми, тергов-тезкор гуруҳи фаолияти, «102» қисқа рақамига келиб тушган ариза ва шикоятлар билан танишилди.
Масъулларга жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳамда йўл- транспорт ҳодисаларининг олдини олишда янги босқичга ўтиш, тизимда самарадорликни ошириш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шаҳар Тиббиёт бирлашмасида эса беморларнинг даволанишлари учун яратилган шарт-шароитлар, иситиш тизимининг созлиги кўздан кечирилди. Шундан сўнг шаҳардаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларни иситишга масъул бўлган «Иссиқлик манбаи» корхонасида мавсумий штаб фаолияти, иш ҳажми, захира омборлари ва тайёргарлик даражаси ўрганилди. Мутасаддиларга мавсумни беталафот ўтказиш бўйича бир қатор тавсиялар берилди.
Кейинги манзил Томди туманидаги криминоген вазияти бўйича қизил тоифага киритилган «Шарқ» овул фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, кўрилган чора-тадбирлар билан танишилди.
Шунингдек, ҳудуддаги 16-сонли умумтаълим мактаби ва оилавий поликлиника биноларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, моддий-техник захиралари, иситиш тизими билан танишилди.
Учқудуқ туманида вилоят ИИБ бошлиғи назорат постида хизматга жалб этилган ҳамда туман ИИБ ходимлари билан учрашди. Туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатувчи Марказий шифохона ҳамда 36-сонли оилавий поликлиника биносининг мавсумга тайёргарлиги кўздан кечирилди.
Масъулларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш лозимлиги уқтирилди.
©️ “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.
