Жамоатчилик кенгаши фаолиятидан. Очиқлик сари дадил қадам
2025-10-15 23:00:00 / Янгиликлар

ИИВ Академиясида вазирлик Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда оммавий ахборот воситалари учун «ИИВ тизимида таълим соҳасини такомиллаштириш истиқболлари» мавзусида пресс-тур ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб Академия ўқув машғулотларида қўлланилаётган замонавий технологиялар, жаҳон стандартлари даражасидаги педагогик методикалар билан танишилди.
Ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, уларни жой-жойига қўйиш, ўқитиш, малакасини ошириш, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик даражаси ҳамда келгусида улардан хизматда фойдаланишнинг истиқболларини аниқлаш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича тақдимот ўтказилди.
Ходимларнинг зарурий касбий, ишбилармонлик, шахсий ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, етук салоҳиятли, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўла оладиган, эгаллаган лавозимида ўзини ижобий томонидан намоён қилган ва қисқа муддатда раҳбарлик лавозимларини эгаллашга лойиқ бўлган юқори малакали ходимларни танлаб олишга қаратилаётган ишлар борасида тўхталинди.
Пресс-тур ва тақдимотлардан сўнг жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда кенгаш раиси, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, вазир маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов шунингдек, кенгаш аъзолари, вазирлик масъуллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Унда вазирлик тизимига ёш кадрларни жалб этиш, уларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Шундан сўнг вазирлик соҳавий хизматларининг ўз йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ижро интизоми борасида олиб бораётган фаолиятлари тўғрисидаги ҳисоботлар тингланди.
Йиғилиш давомида Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, кенгаш раисининг ўринбосари, генерал-полковник Зокиржон Алматов ички ишлар органларининг янада халқчил тузилмага айланишида кенгаш аъзоларининг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади.
Нотиқ жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига қаратилган ишларни олиб боришда кенгаш аъзоларининг салоҳияти катта эканлигини эътироф этиб, келгусида режалаштирилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари, у фурсатдан фойдаланиб, тизимдаги барча ички ишлар органлари ходимларига мурожаат қилди:
- Қандай шароитда бўлса ҳам, ички ишлар органи ходими ўзини тута билиши, оғир-босиқ бўлиши керак, — дейди 3.Алматов. — Ҳар бир йиғилишда вазир, вазирлик раҳбарияти, ички ишлар бошқармаси бошлиқлари ходимлардан «Жаҳлингга эрк берма, уни жиловла, одамларни аввал яхшилаб эшит», — деб талаб қилади.
Инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббат деган туйғуларнинг ҳаммаси бизда бўлиши шарт. Тарбиялаш, инсонларга ғамхўрлик қилиш, уларга ёрдам бериш учун ички ишлар органлари ходимлари бор. Шу нарса ҳеч қачон эсимиздан чиқмасин. Лекин одам бўлмайдиганларнинг қонун бўйича жазосини беришимиз шарт.
Очиқ ва самимий рухда ўтган учрашув давомида кенгаш аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Мухтасар айтганда, ўтказилган йиғилиш вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада яхшилаш ва бу борада аниқ, таклиф ҳамда тадбирларни амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, махсус мухбир.
