Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Муборак туманида ўрганишлар олиб борилди
2025-10-12 09:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ИИБ бошлиғи туманнинг марказий қисмида жойлашган савдо мажмуасида бўлиб, бу ерда мавжуд видеокузатув камераларининг ишлаш ҳолатини кўздан кечирди. Савдо ҳудудида кечки пайтларда қўриқлаш хизматини кучайтириш, кузатув тизимини кенгайтириш, тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда маҳалла фаоллари билан биргаликда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.
Шундан сўнг, туман Агробанк Муборак филиали фаолияти ўрганилди. Бу ерда хизмат олиб бораётган Қўриқлаш бўлими ходимларининг тунги навбатчилик тартиби, шунингдек, банк биносининг ҳимоя тизими ва сигнализация воситаларининг ишлаш ҳолати билан танишилди.
Полковник Абдувохид Исмоилов томонидан бинони қўриқлашда хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, видеокузатув камераларининг самарали ишлашини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда ходимларнинг ҳаракат алгоритмини такомиллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида бошқарма бошлиғи Муборак туманидаги “Сариқ” маҳалласида ташкил этилган ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти билан ҳам танишди.
У ерда маҳалла еттилиги, профилактика инспектори ва жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, тунги хизматга жалб этилган ходимларнинг фаолияти ўрганилди.
Маҳалладаги кириш-чиқиш жойларига ўрнатилган кузатув камераларининг сифати, уларнинг марказий тизимга уланганлиги, шунингдек, жамоат жойларида ўрнатилган “SOS” тугмалари ва ёритиш воситаларининг самарали ишлаши кўздан кечирилди.
Маҳалла ҳудудида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ижобий натижалар эътироф этилиб, “Сариқ” маҳалласини “қизил” тоифадан “сариқ” ва кейинчалик “яшил” тоифага ўтказиш мақсадида қўшимча чоралар белгиланди ҳамда маҳалла еттилигига аниқлик киритилган вазифалар топширилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









