Бухорода ички ишлар бошқармасининг янги биноси қурилиши изчил давом этмоқда
2025-10-12 09:00:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Бухоро шаҳрида барпо этилаётган Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси янги биносининг қурилиш жараёнлари билан танишди.
Тадбирда Бухоро вилояти ИИБнинг соҳавий хизматлари раҳбарлари ҳамда вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари иштирок этиб, амалга оширилаётган ишлар билан батафсил танишилди.
Қурилиш майдонида олиб борилаётган ишлар, бунёд этилаётган бино сифати, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг лойиҳавий ечимлари, электр таъминоти, иситиш ва совитиш тизимлари, ички безак ишлари ҳамда атроф-муҳитни ободонлаштириш жараёнлари кўздан кечирилди.
Янги бино ички ишлар тизими фаолиятини замонавий талабларга мос ташкил этиш, ходимлар учун қулай меҳнат шароитлари яратиш, шунингдек, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган.
Иншоотда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, видеокузатув тизимлари, электрон ҳужжат айланиши учун махсус сервер хоналари ва тежамкор энергия ечимлари жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, бинода қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, бу тизим электр энергиясидан самарали фойдаланиш, экологик тозаликка эришиш ва харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, бино атрофида кўкаламзорлаштириш ишлари, ходимлар дам олиши учун мўлжалланган масканлар, автотураргоҳ ва хизмат транспортлари учун қулай кириш-чиқиш йўлаклари қурилиши ҳам назарда тутилган.
Учрашув давомида, вилоят ИИБ бошлиғи ва вилоят ҳокими ўринбосари қурувчилар билан суҳбатлашиб, сифатли материаллардан фойдаланиш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ишларни белгиланган муддатда якунлаш юзасидан тегишли топшириқлар бердилар.
Таъкидлаш жоиз, янги бино Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг хизмат фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, ходимлар учун қулай, хавфсиз ва самарали меҳнат муҳити яратиш, шу орқали фуқароларга янада сифатли хизмат кўрсатиш имконини берадиган намунавий иншоот бўлиши, шубҳасиз.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









