Аҳоли билан очиқ мулоқот — самарали ечимлар сари
2025-10-10 09:45:00 / Янгиликлар

Косон тумани маданият марказида Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов иштирок этиб, ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларининг мурожаатларини тинглади.
Қабул давомида аҳоли томонидан билдирилган ижтимоий, маиший ва кундалик турмуш билан боғлиқ муаммолар атрофлича ўрганилди. Келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, ечими вақт талаб этадиган масалалар бўйича эса масъул раҳбар ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, мурожаат этган фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам берилди.
Қабул якунида ёшлар билан мулоқот ўтказилиб, биринчи марта фуқаролик паспортини олаётган ёшларга тантанали равишда ID-карталар топширилди. Бу орқали уларга давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари учун янги имкониятлар яратиб берилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






