Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодировнинг вилоят аҳолисига мурожаати
2025-10-07 05:00:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Ҳар қандай мамлакатнинг тараққий этишида осойишталик ва хавфсизликнинг таъминланганлиги муҳим ҳисобланади. Шу маънода мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар ва ислоҳотлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида “Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш долзарб вазифага айлантирилди. Бу ўз навбатида ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳар бир ходимни вазифасига виждонан ёндашган ҳолда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячиси сифатида хизмат қилишга ундаяпти.
Қадрли юртдошлар!
Жиззах вилоятида тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. Буни жиноятларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни бартараф қилиш, кўча ва жамоат жойларида хавфсиз муҳит яратиш юзасидан олиб борилаётган ишлар мисолида яққол кўриш мумкин. Шунга қарамай содир этилган ҳар қандай қонунбузилиши, Президентимиз таъбири билан айтганда ҳаммамизни ташвишга солиши лозим.
Олиб борилаётган профилактик ҳамда тарғибот тадбирларига қарамасдан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятларнинг 961 тасини ўғирлик, 737 тасини фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этади. Бу турдаги жабрланувчиларнинг шахсий ва банк пластик карта маълумотларини сир сақлай олмасликлари ҳамда нотаниш зарарли иловаларга киришлари оқибатида рўй берган.
Бугунги кунда олиб борилган тадбирлар натижасида 184 та маҳаллаларда жиноят содир этилмади. Ҳозирда 5,9 фоиз маҳалла қизил, 33,6 фоизи сариқ тоифага киритилган. Аммо қизил тоифадаги маҳаллалар сони Зомин ва Бахмал туманларида юқорилигича қолмоқда. Демакки ушбу ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган ишлар ва ижтимоий профилактик тадбирларини янада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Азиз юртдошлар!
Бугунги кунда вилоятда криминоген вазиятни соғломлаштириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, қонунбузарликларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида маҳаллалар, савдо марказлари, таълим муассасалари каби аҳоли гавжум масканларни видеокузатув камералари билан жиҳозлаш, “намунавий хавфсиз йўлак” ва “хавфсиз кўча”лар ташкил қилиш, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига ташвиш тугмалари ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси тегишли идоралар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда жиноят содир этилишига сабаб бўлувчи ижтимоий, психологик ва моддий масалаларни ҳал қилиш, ҳар бир фуқарода жиноят ва коррупцияга қарши муросасизликни шакллантириш чоралари кўрилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиняпти.
Азиз юртдошлар!
Ҳар биримиз тинчлик бебаҳо неъмат эканлигини яхши ҳис этамиз ва англаймиз. Шу нуқтаи назардан Ватанимиз мустақиллиги ва осойишталигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, жиноятчиликни жиловлаш ва коррупцияга қарши курашишда Сизнинг кўмагингизга таянамиз.
Қонунларга қатъий риоя қилиб, ўзгалар ҳуқуқ ва шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилинг. Бу ҳар биримизнинг ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканлигини унутманг. Доимо огоҳ ва ҳушёр бўлинг!
Эътиборингиз учун раҳмат!
