«Нурли маскан»ларда. Интилганга толе ёр
2025-10-09 23:00:00 / Янгиликлар

Ўқувчининг ҳаётида ўзига хос ўрин эгалловчи зиё маскани мактабда дунёвий билимлар ўзлаштириб борилади. Албатта, ўқувчининг келажакда комил инсон бўлишида ўқитувчининг ўрни беқиёс.
Вилоят ИИБ оталиғига олинган Самарқанд шаҳридаги 59-сонли ихтисослаштирилган «Нурли маскан» мактаб-интернатида 238 нафар ўқувчи таҳсил олади. 2024-2025-ўқув йилида мактабни 18 нафар ўқувчи тугаллаб, улардан 7 нафари талаба бўлди.
Масканда ўқувчилар билим олиш билан бирга касб-ҳунар ҳам ўрганишлари учун пойабзал ишлаб чиқариш цехи ташкил этилган. Бу ерда ўқувчилар оёқ кийимлар тайёрлашни ўрганишаётган бўлса, унинг ёнида ташкил этилган тафтинг усулидаги тўқувчилик бўлимида сувенир гиламчалар тўқишни ўзлаштиришмоқда.
Лавҳамиз қаҳрамони Жасур Маҳмудов мактаб-интернатдаги олий тоифали ўқитувчилардан бири. «Нурли маскан» мактаб-интернатида ўқувчиларга таълим бераётган ёш муаллим билим ва малакасини янада ошириш мақсадида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг тефлопедагогика йўналишида 6 ойлик курсини ҳам тамомлаган.
Таълимда жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўқувчиларда «Мен қаерда ўқисам ва нимани ўргансам ҳаёт йўлимни топаман», деган фаол ёндашув шаклланмоқда. Шунинг учун бугунги ўқувчи талабини эскича ёндашув билан қондириб бўлмайди.
Инновацион, интерфаол ва қизиқарли услублар билан дарс ўтиш учун биз ўқитувчилар ўз устимизда ишлаб, янгиликлардан, инновацион таълим услубларидан бохабар бўлишимиз шарт, — дейди Жасур Маҳмудов. — Кимки илмга юзланса, янгиликка интилсагина замон ва тараққиёт билан бирга одимлайди.
Жасур Маҳмудов мактаб-интернатдаги махсус қурилмада бошланғич синф дарсликларини кўзи ожиз ўқувчилар учун Брайл алифбосида чоп этади. — Бу ишни ўзим яхши кўраман, китобларни чин кўнгилдан, болалар учун тайёрлайман, — дейди камтарлик билан. Жонкуяр устоз айни кунларда «Ёш авлодда инклюзив маданиятни шакллантириш» мавзусидаги илмий иш устида изланишлар олиб боряпти.
Дарҳақиқат устозлар илҳомлантирувчи, ўқувчилар фаол бўлса, синфхоналар кашфиёт майдонига айланар экан. Тойлоқлик Исломбек Давронов 3-синфда ўқийди. Тил ўрганишга, математикага жуда қизиқади.
Жасурбек каби устозлардан Ватанга фидойилик, аҳдга вафо, бурчга садоқат каби эзгу фазилатларни кўриб таҳсил оляпти. Ҳаётда фақат яхши ўқувчи бўлиш эмас, балки самимий, одамларга яхшилик қилувчи инсон бўлиш сирларини ҳам ўрганяпти, десак муболаға бўлмайди.
Ҳар бир дарс китобда ёзилганларни ўқиш, вазифаларни айтишдан иборат эмас. Синфхонада жонли муҳокамалар, қизиқарли савол-жавоблар, ижодий баҳслар авж олади. Болаларнинг фикрлаши, изланиши ва мунозара маданияти шаклланмоқда.
Дарвоқе, дарсдан бўш вақтларида лавҳамиз қаҳрамони ўқувчиларга шахмат сабоқларини ҳам ўргатади. Жасур Маҳмудовнинг шогирдлари орасида Республика ва жаҳон чемпионати совриндорлари ҳам бор. Интилганга толе, ўқиганга омад ёр бўлади.
Булар ҳали Ватанга содиқ, юртга фидойи ажойиб инсонлар бўлади.
©️ “Postda” газетаси, Умида Мамадалиева, Самарқанд вилояти.
