Наманганда жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари муҳокама қилинди
2025-10-08 10:25:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг ўтган даврида Наманган шаҳар ИИБ томонидан амалга оширилган ишлар, жумладан, “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 20 кунлиги” доирасида ўтказилган профилактик тадбирлар танқидий руҳда таҳлил қилинди. Вилоят ИИБ бошлиғи раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда шаҳар ИИБ раҳбарияти, соҳавий хизматлар бошлиқлари иштирок этиб, ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди.
Йиғилишда жиноятчиликка олиб келаётган омилларни барвақт аниқлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, кундузги ва тунги хизмат самарадорлигини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ходимларнинг жойлардаги фаолияти таҳлил қилиниб, уларга аниқ топшириқлар ва вазифалар юклатилди.
Жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳи томонидан шаҳар ва туманларда амалий ўрганишлар ҳам олиб борилмоқда. Бу галги манзил Косонсой тумани бўлди.
Ўрганишлар давомида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 3-сафарбарлик гуруҳи ходимларининг хизмат фаолияти кўриб чиқилди. Тунги вақтларда ҳайдовчилар ҳушёрлигини ошириш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Туман ҳокими ва прокурори иштирокида “Тагижар” маҳалласида жойлашган “Эшонбобо” масжидида хавфсизлик ҳолати ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам ўрганилиб, тегишли хизматларга кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, “Намуна” маҳалласи ва туман марказида тунги хизматнинг ташкил этилиши, боғ ҳудудларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чоралари ҳам кўздан кечирилди. Ходимларга йўриқнома ўтказилиб, аҳоли осойишталигини таъминлаш ҳамда профилактик тадбирларни кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар юклатилди.
Ички ишлар органларининг бу каби тизимли назорат ва таҳлил ишлари Наманган вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада самарали ташкил этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









