Таълим фидойилари. Йиллар ва йўллар оша
2025-10-06 23:00:00 / Янгиликлар

ИИВ Бухоро Академик лицейининг тарих фани бош ўқитувчиси, “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Бахтиёр Ҳамидовнинг эл-юртда ва жамоада ҳурмат-эътибор қозонишида устозларининг панд-насиҳатлари, ўгитлари муҳим аҳамият касб этди. Буни қарангки, бугун унинг ўзи ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаган тажрибали ва талабчан устозга айланди.
Бахтиёр Ҳамидов 1997 йилдан бери ёш авлодга сабоқ бериб келади. У таълим берган ўқувчилар фан олимпиадаларида, «Заковат» интеллектуал ўйинларида бир неча маротаба республика миқёсида ғолиб бўлишган. Ўзи ҳам халқаро танловларда фаол иштирок этиб, ғолиблик нашидасини суриб келмоқда.
2022 йилда ИИВ академик лицей-лари ўртасида ўтказилган «Энг яхши фан ўқитувчиси» танловида иккинчи ўринни эгаллади.
Б. Ҳамидов изланувчан, дунёқараши кенг, ижодкор ўқитувчи. У Ўзбекистон тарихи ва жаҳон тарихи фанларидан ўқувчиларга мукаммал билим берибгина қолмай, шу фанлар бўйича кўплаб ўқув-услубий қўлланмалар ва тест тўпламларини чоп эттирди.
«Тарихи мухтасар-1», «Тарихи мухтасар-2», «Тарих: 12000 саволга 12000 жавоб», «Тарихдан вариантлар тўплами», «Тарих тестларига тайёрмисиз?» каби қўлланмалар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, у кўплаб телевизион компаниялар ҳамкорлигида Бухорога бағишланган тарихий-бадиий кўрсатувлар тайёрлаган.
Қисқаси, лавҳамиз қаҳрамони ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтириш мақсадида янги педагогик ва инновацион технологиялардан фойдаланиб, замонавий дарслар ташкил этиб келмоқда. Дарсларда ва тўгарак ишларида ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурурни шакллантириш борасида тинимсиз изланмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Мирзоқул Аҳадов, Бухоро вилояти.
