Наманган вилоятида «1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» ҳамда «Кексалар ҳафталиги» доирасида тантанали тадбирлар бўлиб ўтди
2025-10-05 11:15:00 / Янгиликлар

Наманган вилоятида ўтказилган «Йилнинг энг фаол фахрий ходими» танлови дастури доирасида аввало «Шахмат» мусобақаси ташкил этилди. Кейинги босқичда иштирокчилар Давлат раҳбарининг сўнгги ислоҳотлари, ички ишлар органлари тизимидаги ўзгаришлар, фахрийлар ва ёшлар билан ишлаш, жамият ҳаёти, маҳалла ва оила институти, Ватан тарихи ҳамда жаҳондаги геосиёсий вазиятга оид саволлардан иборат тест синовларида қатнашдилар.
Шундан сўнг фахрийлар сўнгги бир йил давомида амалга оширган ишлари — «Устоз-шогирд анъаналари»ни йўлга қўйиш, «Фахрийлар мактаби» фаолияти, ёшларга оид давлат сиёсати ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки бўйича амалга оширган ишлари ҳамда эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотларни тегишли ҳужжатлар билан бирга ҳакамлар ҳайъатига тақдим этдилар.
Якуний босқичда иштирокчилар билан давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар, халқаро муносабатлар ва ёшлар сиёсати юзасидан билет саволлари асосида оғзаки суҳбат ўтказилди. Улар томонидан эришилган натижалар мавжуд ҳужжатлар, оммавий ахборот воситаларидаги материаллар ва бошқа маълумотлар асосида таҳлил қилинди.
Қизғин ва муросасиз кечган танлов натижасига кўра:
Биринчи ўрин — Наманган вилояти ИИБ Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги майор Табаров Илҳомжон Аҳмаджонович;
Иккинчи ўрин — ИИВ Академиясидан қатнашган истеъфодаги полковник Юсубов Давлат Абдушарипович;
Учинчи ўрин — Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги майор Элбаев Қуватбай Эмбергеновичга насиб этди.
Ғолиблар республикадаги энг нуфузли санаторий-курорт муассасаларидан бирига икки кишилик бепул йўлланма, И, ИИ ва ИИИ даражали диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Шунингдек, Наманган вилоятининг 300 нафардан ортиқ фахрийлари ҳамда танловда иштирок этиш учун бошқа вилоятлардан ташриф буюрган фахрийларга «Шодиёна» тантаналар мажмуасида дастурхон ёзилиб, байрамона концерт дастурлари ташкил этилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









