Бир сурат тарихи. Уч воҳа маликалари
2025-10-05 08:20:00 / Янгиликлар

Эсимда, 2007 йилнинг февраль ойида ИИВ Академиясида «Балли, қизлар» кўрик-танлови бўлди. Мана, шу воқеага ҳам 18 йил бўлибди. Танловда қатнашганлар ўртасида уч тингловчи қиз билими ва зукколиги билан ажралиб турган эди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, тингловчилар (чапдан) Моҳигул Кенжаева 3-ўринни, Альтинай Кидирбаева 2-ўринни ва Ширин Норматова 1-ўринни эгаллаган эди. Йиллар ўтиб, машаққатли, аммо шарафли хизматга йўл олган бу уч дугона ҳозир юртимизнинг турли ҳудудларида садоқат билан хизмат қилмоқда. Учови ҳам подполковник. Жумладан, Моҳигул Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, Альтинай Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари бўлса, Ширин Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари. Уларнинг барчаси оилали, шириндан-шакар фарзандларни тарбиялаш билан бирга, катта офицерлар сафида туриб, ҳамкасбларига ўрнак бўлишмоқда.
Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиб, муносиб касбга эришиши учун тиришқоқлик билан ҳаракат қилсагина шу даражага етади. Бинобарин, ички ишлар органларида Тўмарисга издош, касбига, Ватанига содиқ ходималарни кўплаб учратиш мумкин.
Абу КEНЖАЕВ, фотомухбир.
