Бухоро вилояти ИИБда «Уч авлод учрашуви» ўтказилди
2025-10-04 12:15:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти катта мажлислар залида вилоят ички ишлар органларининг фахрий устозлари ҳамда ёш ходимлари иштирокида, «Уч авлод» учрашуви ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини жўр овозда ижро этиш билан бошланган тадбирда, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, соҳавий хизматлар раҳбарлари, тизим фахрийлари, вилоят ички ишлар органларида хизмат фаолиятини олиб бораётган ёш ходимлар, Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейи ўқувчи-ёшлари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан бошқарма бошлиғи, бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшларга яратилаётган кенг кўламли имкониятларни алоҳида эътироф этиб, ёшларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлади ҳамда Ватанга муҳаббат, касбга садоқат, хизмат интизомига риоя қилиш, ҳалоллик, шунингдек «Халққа хизмат қилиш олий бурч» тушунчалари юзасидан қатор тавсия ва маслаҳатлар берди.
Тадбирнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири — бу фахрийлар билан бўлган мулоқот бўлди. Улар ўз ҳаёт ва хизмат тажрибалари орқали ёшларга фидойилик, халқпарварлик, қонун устуворлиги, касбга садоқат каби қадриятларни етказдилар. Бу эса ёш ходимларнинг маънавий-ахлоқий руҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган юзма-юз мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар. Жараёнда ходимлар томонидан хизмат интизоми ҳамда қонунийликка риоя қилиш, бурчга садоқат ва ҳалолликка чорловчи ватанпарварликка йўғрилган видеороликлар ҳам намойиш этилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш борасидаги ибратли фаолияти, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаол иштироки, ёш авлодни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун ҳамда 1-октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан ИИВнинг тегишли буйруғига кўра, 3 нафар фахрийга “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони ҳамда Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соати топширилди. ИИВ Фахрийлар кенгаши томонидан эса яна 4 нафар истеъфодаги ходимларга кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар берилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг тизимда фаолият юритиб келаётган, яшаш шароитлари билан боғлиқ муаммолар кузатилаётган ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қарорларига мувофиқ, Бухоро вилояти ИИОнинг 12 нафар ходимига уй-жой сотиб олиш учун дастлабки 25 фоизлик бадал пули учун ваучерлар вилоят ИИБ бошлиғи томонидан тантанали равишда топширилди.
Қайтариб берилмайдиган тарзда, субсидия асосида берилаётган ушбу маблағлар ходимларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғига асосан 22 нафар фахрийга ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбир давомида ёш ходимлар учун “Китоб ярмаркаси“ ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад, ходимлар орасидаги китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда уларда ватанга, касбга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар туйғусини шакллантиришдан иборатдир.
«Уч авлод учрашуви»нинг якунида, вилоят Маданият бошқармаси томонидан ташкил этилган концерт дастури бўлиб ўтди. Хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барча иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









