Тошкент шаҳрида “Профилактика куни” муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказилди
2025-10-03 09:00:00 / Янгиликлар

Пойтахт ИИББ ходимлари томонидан жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ҳафтанинг ҳар пайшанбасида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Профилактика куни” доирасида соҳавий хизматлар, куч-воситаларнинг барчаси мазкур тадбирга жалб қилиниб, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта ва олий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар қамраб олинади.
Навбатдаги профилактика кунида ҳам бу анъана давом эттирилиб, пойтахтнинг барча туманларида соҳавий хизмат ходимларнинг ҳамкорликдаги фаолияти амалга оширилди.
Эрта тонгданоқ ҳудудий тузилмаларда ўтказилган йўриқномада тегишли топшириқ ва кўрсатмалар билан “қуролланган” ходимлар ўз хизмат вазифаларига киришдилар.
Юқорида қайд этилган даргоҳларда бўлиб ўтаётган учрашувлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқот тарзидаги тарғибот жараёнларида долзарб мавзуларда тушунчалар берилди.
Жумладан, айни дамда нафақат юртимизда, балки жаҳонда долзарб бўлаётган гиёҳванд, психотроп, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси, ахборот технологиялари соҳасидаги кибержиноятларга қарши кураш, аҳолининг киберхавфсизлик маданиятини ошириш, ижтимоий тармоқлардаги таҳдид ва зарарли чақириқлар, рақамли фирибгарлик ва ёлғон маълумотларга қарши ҳимоя иммунитетини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш бўйича тарғибот олиб борилди.
Шу билан бирга маҳаллаларда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, омиллари таҳлил қилинди, келгусида бу каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга йўл қўймаслик борасида тавсиялар берилди.
Шунингдек, профилактика куни муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Шайхонтоҳур туманида жойлашган Ноширлик-матбаа техникуми биносида аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида сайёр қабули ўтказилди.
Олиб борилаётган профилактик тарғибот ишлари жамиятни бирлаштириб, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш жараёнларида қонун устуворлигини таъминлашда фаоллигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати








