Ички ишлар органлари ходимлари учун малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари якунланди
2025-10-02 16:55:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида “подполковник” махсус унвонини бериш ва офицерлик лавозимига тайинлаш учун ўтказилган малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курслари якунланди. Курслар институтининг Олмалиқ шаҳридаги ўқув базасидаги Касбий тайёргарлик факультетида ташкил этилган бўлиб, битирув маросими тантанали руҳда ўтди.
Ўқув жараёнларида назарий ва амалий машғулотлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида, интерфаол усулларда – давра суҳбати, семинар-тренинг ва амалий машғулотлар шаклида ташкил этилди. Тингловчиларнинг касбий, ҳуқуқий, жисмоний ва руҳий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Машғулотлардан ташқари тингловчилар учун тарихий жойларга – “Ички ишлар органлари тарихи музейи”, “Шаҳидлар хиёбони”, “Ғалаба” ва “Янги Ўзбекистон” боғларига маданий-маърифий экскурсиялар уюштирилди.
Битирув маросимида институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда соҳа вакиллари иштирок этишди. Тадбирда тингловчиларнинг ўқув даврида кўрсатган интизоми, масъулияти ва фаоллиги юқори баҳоланди. Унга якун ясаб, тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат ва дипломлар тантанали тарзда топширилди.
Бундай курслар соҳа ходимларини юксак малакага эга, фидойи кадрлар сифатида тайёрлашда муҳим ўрин тутади ва уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятида самарали асос бўлиб хизмат қилади.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати









