Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди: таклифлар эшитилди, амалий ечимлар белгиланди
2025-10-02 15:15:00 / Янгиликлар

Эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшлар жамиятнинг ҳал қилувчи кучи ҳисобланади. Ёшларни олий таълимга жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, кундалик ҳаётда дуч келаётган муаммоларини очиқ мулоқотда ўрганиш ва бу борада аниқланган масалаларни манзилли равишда ҳал этиш мақсадида Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов Қарши давлат техника университетида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбирида иштирок этди.
Учрашув давомида раҳбар ёшлар билан очиқ мулоқот қилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлдилар. Ҳар бир мурожаат диққат билан эшитилиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ёшларни қийнаётган масалалар юзасидан жойида амалий ечимларни белгилаш, зарур ҳолларда тегишли ташкилот ва мутасаддиларга юбориш чоралари кўрилди.
Тадбир жараёнида раҳбар томонидан ёшларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланди, уларнинг фикр ва таклифлари эътиборга олинди. Учрашув самимий руҳда ўтиб, ёшлар учун ўзига хос очиқ минбарга айланди.
Шу билан бирга, учрашувда Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ходимлари ҳам иштирок этиб, ёшларга мавжуд бўш иш ўринлари, турли йўналишлардаги ўқув курслари ва касб-ҳунарга йўналтириш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Ёшларнинг қизиқиш ва интилишларидан келиб чиққан ҳолда уларга тегишли таклиф ва тавсиялар ҳам тақдим этилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








