Огоҳлик — давр талаби. Сохта рекламаларга учманг
2025-10-02 07:30:00 / Янгиликлар

Оқдарёлик Моҳигул Каримова (исм-шарифи ўзгартирилди) ижтимоий тармоқда берилган тилла тақинчоқларни муддатли тўловга харид қилиш тўғрисидаги эълонга қизиқиб қолди. «Нархлари қимматлигига қараганда соф тилла бўлса керак, лекин бўлиб тўлашга беришаётгани яхши», — дея кўрсатилган телефон рақамларидан бирини терди. Гўшакдан аёл овозини эшитгач, эълон бўйича қўнғироқ қилаётганини айтиб, саволларига жавоб олдию, ўзига ёққан тилла тақинчоқни танлаб, 924 минг сўм пулни аёлнинг пластик картасига юборди.
Афсуски, у шошиб адашган эди. Чунки, бир ҳафта, бир ой, уч ой ўтди ҳамки, на тилла тақинчоқни беришди, на пулини қайтаришди. Ниҳоят, орадан 7 ой ўтгач, ҳолат юзасидан вилоят ИИБ «102» рақамига қўнғироқ қилишга қарор қилди. Вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тезкор ходимлари ҳолатни ўрганиб, гумондорни топишди. Фирибгарлик ҳолати Фарғона вилоятида яшовчи Ж.М. томонидан содир этилгани аниқланди.
Моҳигул сингари, пастдарғомлик фуқаро Толибжон Бобоев (исм-шарифи ўзгартирилди) ҳам «Telegram» ижтимоий тармоғи орқали нотаниш кишидан мобил телефон аппаратини сотиб олиш учун унинг пластик картасига 4 миллион сўм пулини ташлаб беради. Бироқ, телефонни почта орқали юбораман, деган шахс алоқани буткул узиб қўяди.
Толибжон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилгач, уни Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро «чув туширгани» фош этилди.
Дарҳақиқат, бугунги рақамли дунёда инсон ҳаёти виртуал муҳит билан янада чамбарчас боғланиб боряпти. Қўлимиздаги смартфонлар, иш жойимиздаги компьютерлар, уйимиздаги «ақлли» қурилмаларнинг ҳар бири фойдаланувчи маълумотларини ўз ичига олади. Мазкур маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, уларни хакер ва кибержиноятчилардан ҳимоя қилиш бугун ҳар қачонгидан кўра долзарб масалага айланган.
— Албатта, киберфирибгарлар қонунда белгиланган жазосини олади. Бироқ фуқароларимиз арзон-гаров маҳсулотларга учмасдан, аввал ишончлилигини текшириши, мутахассислардан маслаҳат олиши лозим. Айниқса, «Telegram» мессенжери орқали келаётган «Тўйга таклифнома», «Бу сизнинг суратингизми?», «Телевизорда сизни кўрсатишяпти» сингари АПК ҳаволаларини шошиб очиб қўймасдан, тезда ўчириб ташлаш керак. «Telegram» орқали сохта профиль аккаунтлар яратиб, сизнинг суратингизни қўйиб бошқаларга «Қарз бериб туроласизми?» сўрови остидаги ҳаволаларни тарқатиш ҳам бирмунча кўпайди. Фуқароларимиз булардан жуда ҳушёр бўлиши керак, — дейди вилоят ИИБ АТСЖҚКБ ҲПБ муҳим топшириқлар бўйича инспектори, капитан Жўрабек Нуралиев.
Киберхавфсизлик бу фақат технологик жараён эмас, балки огоҳлик, билим ва масъулият ҳамдир. Шу боис ишончсиз сайтларга кирмаслик, номаълум файл ва ҳаволаларни очмаслик, ҳар бир сервис учун алоҳида мураккаб пароль ишлатиш, антивирус дастурларини доимий янгилаб туриш, дастур ва операцион тизимларнинг расмий версияларидан фойдаланиш давр талаби.
Умида МАМАДАЛИЕВА, ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
