Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбир доирасида Қашқадарё вилояти транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларига бир қатор устувор вазифалар белгиланди
2025-09-30 15:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Юлдашевич Мирзарахимов Қашқадарё вилоятидаги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларининг хизмат фаолиятини яқиндан ўрганди.
Ташриф доирасида темир йўл станциялари, поезд ҳаракати бошқарув пункти, сигнализация тизимлари ва бошқа муҳим инфратузилмаларнинг қўриқланиш ҳолати кўздан кечирилди.
Шу билан бирга, бегона шахсларнинг темир йўл ҳудудига ноқонуний киришининг олдини олиш, шунингдек, темир йўлларда содир бўлиши мумкин бўлган ўғирлик ва қонунбузарликларни барвақт аниқлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида темир йўлларда хавфсизлик қоидаларини тушунтириш, мактаб ва коллежларда профилактик учрашувлар ташкил этиш, фуқаролар ҳушёрлиги ва огоҳлигини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ходимлар ўртасида ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ҳамда хизмат фаолияти устидан кунлик назоратни кучайтириш бўйича масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Вазир ўринбосари томонидан Қашқадарё вилояти орқали мамлакатимизга ташриф буюраётган олий мартабали меҳмонлар ва чет эллик туристларнинг поездлар орқали саёҳатини хавфсиз ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, сайёҳлик намойиши объектлари ҳудудларига йўналтирилган поездларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, туристларнинг мамнунлигини таъминлаш ва юзага келган муаммоларни бошқарма ходимлари томонидан тезкор ҳал этиш бўйича бир қатор кўрсатмалар берилди.






