Кўрик-танлов. Билим, маҳорат ва истеъдод намойиши
2025-09-30 23:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси» кўрик-танлови ўтказилиши анъанага айланган. Куни кеча ИИВ Тиббиёт бошқармаси «Ўзбекистон» санаторийси ва ИИВ Марказий госпитали ҳамширалари ўртасида мазкур танлов ўтказилди.
Кўрик-танловда бир-биридан зукко, ўз соҳасининг билимдони бўлган иштирокчилар тўртда шарт бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Биринчи шартда ҳамширалар ўзини таништирган бўлса, иккинчи шартда уларнинг тиббиёт соҳасига доир назарий билимлари ҳамда ижтимоий-сиёсий саводхонлиги синовдан ўтди.
«Амалий машғулот» шартида эса қатнашчиларнинг бемор билан мулоқот маданияти, унинг аҳволини тўғри баҳолаб, муолажаларни тиббий асбоб-ускуналардан унумли фойдаланган ҳолда, сифатли бажариши баҳоланди.
Сўнгги — «Эркин мавзу» шартида иштирокчилар мумтоз адабиёт дурдоналаридан ғазаллар ёд олиб, қўшиқчилик, рақс, таниқли санъаткорларнинг машҳур ижроларини саҳнага олиб чиқиш орқали ўзларининг иккинчи истеъдод қирраларини намойиш қилдилар.
Якуний натижага кўра, «Ўзбекистон» санаторийсида учинчи ўринни физиотерапия бўлинмаси тиббий ҳамшираси, сафдор Фотима Сайфуллаева, иккинчи ўринни умумий тиббий қисм тиббий ҳамшираси, сафдор Дурдона Қурбоналиева эгаллади. Фахрли биринчи ўринни эса кардиология бўлинмаси тиббий ҳамшираси Шодия Маханова қўлга киритди.
ИИВ Марказий госпиталида эса оториноларингология бўлинмаси тиббий ҳамшираси Мафтуна Қаюмова учинчи, психореабилитация бўлинмаси тиббий ҳамшираси Зуҳра Қосимова иккинчи, 2-неврология бўлинмаси тиббий ҳамшираси Дурдона Абдуаҳатова биринчи ўринга муносиб кўрилди.
Ғолиб иштирокчилар эндиликда кўрик-танловнинг кейинги босқичида иштирок этади.
©️ “Postda” газетаси, Гулноза Турғунбоева.
