Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг навбатдаги шахсий қабули ўтказилди
2025-09-29 10:50:00 / Янгиликлар

Ваколатли масъуллар томонидан фуқаролар мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган саволларига жавоб топиш, муаммоларини тинглаб қонун доирасида ҳал қилиш давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётгани ўз натижадорлигини кўрсатмоқда.
Буни фуқароларимизнинг самимий миннатдорликлари, мамнуният ва ишонч билан мурожаат қилишларидан англаш мумкин. Хусусан, пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарининг ҳудудлар бўйлаб ўтказиб келаётган сайёр ва шахсий қабуллари бу борада пойтахт аҳолиси ўртасида йиғилиб қолган кўплаб масалалар, муаммолар, иш фаолияти жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, лоқайд ёндашувлар, сансалорликларни бартараф этиш имконини бермоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаевнинг навбатдаги шахсий қабулида юридик ҳамда жисмоний шахслардан қирққа яқин мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатчилар келтирган важ-карсонларни жойида синчиклаб ўрганиш давомида уларнинг ўнтаси мазкур даргоҳни ўзида ижобий ҳал этилди. Ўн иккитаси бўйича малакали ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, келтирилган далиллар атрофлича ўрганиш талаб қилинган мурожаатларнинг аксарияти бўйича ижро муддатлари қўшимча белгиланиб, қатъий назоратга олинди. Текширувларнинг малакали, қонун доирасида ҳамда адолатли олиб борилиши бўйича тегишли топшириқлар берилиб, натижаларидан мурожаатчиларни ёзма хабардор қилиш кўрсатиб ўтилди.
Таъкидламоқ жоизки, қабул жараёнида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар аксариятни ташкил этди, жумладан суриштирув-тергов ҳаракатлари, ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш ва қайта тиклаш, хизматни бошқа вилоятлар ИИБга ўтказиш каби кадрлар билан таъминлаш хизматига оид масалалар.
Ҳар бир фуқаронинг мурожаатлари эътибор билан тингланиб, кўтарилган масалаларга – гоҳи ижтимоий-маиший, тиббий мавзуларда ҳам бўлишига қаралмай унинг ечимига жиддий ёндашилаётгани, керакли идора ва ташкилотлар билан боғланиб ҳал этилаётгани пойтахт аҳлининг қабулларга бўлган ишончи ва муносабатини ижобий томонга ўзгартираётгани шубҳасиз.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати








