Халқаро полиция ассоциацияси Ўзбекистон клуби ва Криминология тадқиқот институти ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
2025-09-28 12:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бошлиғи, полковник Б.Э. Бердиалиев ҳамда институт илмий ходимлари иштирокида Халқаро полиция ассоциацияси Ўзбекистон клуби раиси М. Атаджанов ва ассоциация вакиллари билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, келгусидаги қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва илғор халқаро тажрибаларни жорий этишга бағишланди.
Учрашув давомида институт ташаббуси билан таъсис этилаётган халқаро илмий журнал фаолиятида Халқаро полиция ассоциацияси Ўзбекистон клубининг ҳам-таъсисчи сифатида иштирок этиши бўйича таклиф илгари сурилди.
Ушбу ташаббус халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илмий изланишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, ассоциациянинг техник базаси имкониятлари кенг тақдим этилди.
Томонлар ушбу имкониятлардан қўшма тадқиқотлар, илмий-амалий анжуманлар ва лойиҳаларни самарали ташкил этишда фойдаланиш масалаларини муҳокама қилишди.
Истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари сифатида қуйидагилар белгилаб олинди:
• халқаро илмий-амалий конференцияларни ташкил этиш;
• қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;
• ички ишлар органларининг имижини ошириш бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
• институт ходимлари учун малака ошириш дастурларини жорий этиш;
• илмий-техник ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш.
Томонлар мазкур учрашув ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамда амалий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти







