Аҳоли билан мулоқот. Мурожаатлар ўрганилиб, муаммолар ҳал этилмоқда
2025-09-27 23:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган топшириқлари ижросини ўз вақтида, тўлиқ таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг навбатдаги қабули бўлиб ўтди.
Қабул жараёнида юртдошларимиздан жами 367 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг асосий қисми тизим ходимларининг хизмат фаолияти давомида фуқаролар билан ўзаро муносабатларидаги муаммолар, турли масалаларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, айрим ҳудудларда давлат хизматларини ташкил этишда учраётган камчиликлар, тергов ва суриштирув билан боғлиқ ҳолатлар, ички ишлар органларига ишга ва ўқишга қабул қилиш ҳамда ҳудудлар кесимида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш каби масалаларни ўз ичига олди.
Ўрганилган мурожаатларнинг 156 таси (42 фоизи) жойида, масъулларни жалб этган ҳолда, муаммоларни бартараф этиш орқали ижобий ҳал қилинди. Қолган 211 та мурожаат (58 фоизи) бўйича комплекс ўрганиш талаб этилгани боис ижросини назоратга олиш ва ечимини таъминлаш бўйича соҳа мутасаддиларига алоҳида вазифалар юклатилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари раҳбарлари томонидан фуқаролар билан ўтказилган қабуллар давомида жами 389 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, улардан 133 таси (34 фоизи) тадбир жараёнида ўзининг ижобий ечимини топди.
Қўшимча ўрганишларни талаб қилган 256 та мурожаат (66 фоизи) ижроси назоратга олинди ва уларни охирига етказиш мақсадида мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, қабулга келган фуқаролар «Хавфсиз кибермакон» тезкор-профилактик тадбири доирасида фаол бўлишга чақирилиб, аҳолини кибержиноятлар қурбонига айланиб қолишдан огоҳликка чақирувчи эслатмалар тарқатилди.
Аҳоли мурожаатларини ўрганиш бўйича шахсий ва сайёр қабуллар белгиланган тартибда давом эттирилади.
ИИВ Ахборот хизмати
