Фарғона вилоятида маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими ижроси ўрганилди
2025-09-26 11:15:00 / Янгиликлар

Дастлаб Фарғона шаҳридаги «Илғор» маҳалласида бўлиб, еттилик аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш ва хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди.
Марғилон шаҳридаги «Қашғар» маҳалласи профилактика инспектори фаолияти билан танишиб, ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлашда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар ва нуронийлар билан ҳамкорлик қилиш борасида зарур тавсиялар берилди.
Шунингдек, шаҳардаги Ипакчилар бозорига вилоятнинг 10 га яқин шаҳар-туманларидан фуқаролар савдо-сотиқ учун келишини ҳисобга олиб, бу ерга профилактика инспектори лавозимини жорий этиш зарур деган хулосага келинди. Савдо мажмуаси ҳудудида ёнғин хавфсизлиги талабларини янада кучайтириш кераклиги таъкидланди.
Қўқон шаҳрида яқинда қуриб фойдаланишга топширилган 2-Минтақавий мувофиқлаштириш марказининг янги биноси билан танишилди. Бинода яратилган шарт-шароитлар, хизмат хоналари, спорт зал кўздан кечирилди. Марказ мутахассислари билан мулоқот қилиб, тезкор криминоген вазият барқарорлигини мустаҳкам ушлаб туриш борасида зарур кўрсатмалар берилди.
Учкўприк туманидаги «қизил» тоифага киритилган «Учкўприк» маҳалласида амалга оширилаётган ишларни жойида ўрганган раҳбарият еттилик аъзоларининг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, алоҳида тоифадаги ва пробация назоратидаги шахслар билан ишлаш, мавжуд муаммоларни хонадонбай ўрганиш ва ҳал этиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, Қўқон шаҳар ИИБда қўшма қарор асосида ташкил қилинган штаб фаолияти ҳам таҳлил қилиниб, шаҳардаги «Нурафшон» маҳалласида янги ташкил қилинган ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти ўрганилди.






