Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятида ўрганиш ишлари олиб борилди
2025-09-25 20:10:00 / Янгиликлар

Тадбир жараёнида ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд, Каттақўрғон ҳамда Оқдарё туманларида ички ишлар бўлимларининг фаолияти, шахсий таркибнинг хизмат жараёнлари ҳамда маҳаллаларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ўрганилди.
Хусусан, Самарқанд тумани “Янгиариқ” маҳалласида жойлашган Ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти ўрганилиб, жорий йилда маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятчилик таҳлили юзасидан тақдимот билан танишилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги Кунлик ишчилар маркази фаолияти ҳам ўрганилиб, масъулларга соҳани рақамлаштириш ҳамда ишчиларга қўшимча қулайликлар яратиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Тадбир жараёнида Каттақўрғон тумани “Кадан” маҳалласидаги криминоген вазият, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш ҳамда маҳалла еттилигининг фаолияти бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди. Маҳалла фаоллари ҳамда аҳоли билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва мурожаатлари эшитилди.
Оқдарё тумани ИИБ фаолияти билан танишиш жараёнида жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Хусусан туманда ҳозирги кунда тўртта маҳалла “қизил” тоифада қолаётганлиги танқид қилинди. Жиноятчиликни жиловлаш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида маҳалла еттиликларининг фаолиятини янада жадаллаштириш, кўп қаватли уйларнинг йўлаклари ва кўчалар, йўл инфратузилмасининг ҳолатини яхшилаш, шу билан бирга, маҳаллалардаги рақамлаштириш жараёнларини самарадорлигини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳининг Самарқанд вилоятидаги ўрганишлари юзасидан таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари ва шахсий таркиби иштирок этишди.
Йиғилишда ички ишлар органлари хизматининг жорий ҳолати, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил қилинди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, шахсий таркиб ўртасида касбий билим, жисмоний ва жанговар шайлик ҳамда маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш, суриштирув ва тергов жараёнларини қонуний ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалаларни жадаллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.









