Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Бухоро вилояти ҳудудларида амалга оширилаётган тезкор профилактик тадбирлар жараёни кўздан кечирилди
2025-09-25 19:40:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Бухоро вилоятида хизмат сафари билан бўлиб, шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бирма-бир таҳлил қилиб, бу борада келгусида бажарилиши лозим бўлган ишларни белгилаб бермоқда.
Ғиждувон туманида бўлган ўрганишларда дастлаб, туман ИИБ фаолияти билан танишилди.
Бунда, Ички ишлар бошқармаси биносида ходимлар ва фуқароларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар, Навбатчилик қисми фаолияти ўрганилди.
Ички ишлар вазири Ғиждувон туманининг криминоген вазияти оғир ҳисобланган «Памўза» маҳалласида бўлди.
Ушбу маҳаллада «еттилик» вакиллари билан бўлган суҳбатда ҳудуд аҳолисини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка, ҳунармандчиликка йўналтириш кераклигини айтиб, пировардида жиноятчиликни олдини олиш зарурлиги борасида ўз тавсияларини берди.
Маҳалланинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган вазифаларни тезкор ва самарали ҳал этиш чораларини кўриш, тез фурсатларда ушбу маҳаллани “яшил“ ҳудудга айлантириш зарурлиги борасида ҳам тегишли кўрсатмалар берди.
Шофиркон тумани Ички ишлар бўлимида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратди.
Вазир ўринбосари Навбатчилик қисмига келиб тушган ҳар бир мурожаат юзасидан ўз вақтида ҳодиса содир бўлган жойга етиб бориш, фуқароларнинг мурожаатларини тўлиқлигича ўрганиб, тегишли терговга қадар текширув ҳаракатларини сифатли амалга оширишлари юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берди.
Ўрганишлар давом этмоқда....
Бухоро вилояти Ахборот хизмати









